Shrift o'lchami Rang Rasm

www.toshloq.uz


<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 16 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


«ЎТКАН КУНЛАР»НИ КИМ ЎҚИГАН?

 2020-02-20 18:30:23    169

PDF yuklash
Chop etish


Китоб... Шу биргина сўз замирида олам-олам маъно борки, уни таърифу тавсиф этишга сўзлар дурдонаси ожиздир. Китоб тараққиёт омили, билимлар мажмуаси, маънавият ҳазинаси, аждодларни авлодларга, ўтмишни келажакка боғловчи мустаҳкам ришта, энг муҳими одамзотни эзгуликка чорлаб турувчи маёқ йўлчи юлдуздир. Унинг ҳар бир вароғидан ҳикмат, донолик ва донишмандлик ила илм-маърифат нури ёрилади.

Китобга ошно, қалбан унга ҳамрох инсон ҳаётни тўлақонли тушунади, дилкаш, самимий, дунёқараши кенг, мулоҳазаси ўткир, сўзи кескир бўлади.Бироқ, надоматларким, китобни ҳамма ҳам бирдек севавермайди. Тарозининг бир палласига китоб мутолаа қилувчилар, иккинчи палласига эса китоб ўқимайдиган одамлар тоифасини қўйсак, қайси палла кўпроқ, тош босиши барчамизга кундек равшан. Афсуски, китобни қў­лига олса, мудроқ босиб уйқуси келадиган, унга ҳудди кераксиз матохдек лоқайд муносабатда бўладиган, фикри саёз одамлар ҳам борки, уларнинг мароқли китоб ўқиб, завқланиш бахтидан бебахра эканлигига ачинасан киши.

Таниқли адибимиз А. Қодирий «Ўткан кунлар» романини якунлаётиб, бош қаҳрамон аёл, назокатли, сулув Кумушбибини «тупроққа топшириб» қўйгач, ўкириб йиғлаб юборган экан. Меҳрибон рафиқасининг «Сизга нима бўлди?», - деган хайратомуз саволига, «Кумуш, Кумушимни ўлдириб қўйдим», деган экан, кўзида ёш ва алам билан бош чайқаб, адиб.

Мазкур китоб ўзбек китобхонлари ўртасида шу қадар машҳур бўлганки, уни ўқимаган одамни топиш амри маҳол эди. Шу боис фақатгина муаллиф эмас, балки кўп минг сонли китобхонлар хам Кумуш ва Отабекнинг аччиқ қисматидан изтиробга тушганлар. Баъзан ўта таъсирчан китобхонлар Кумушбибидек жозибадор аёлнинг «ўлимини» юрагига сиғдиролмай, кунлаб азият чекиб юрганлари рост.

Бундан ўн йиллар муқаддам мен ҳам шу китобни севиб мутолаа қилганман. Бирок, гўзал, ой юзли, ибо­ли Кумушбибининг ўлими қалбимни жароҳатлаб, бир неча кунгача ўзимга кела олмаганман. Эҳ, Кумуш, ўлма-ўлма деб дод солгим келган. Ёзувчининг қалб оғриғи менинг юрагимга кўчган, юрсам ҳам, турсам ҳам сулув чеҳрали, мафтункор Кумушойнинг сиймоси кўз олдимда гавдаланаверарди. Унинг Отабекка «Бегим» дея иболи боқишлари, ҳамиша уялибгина турувчи ним табассумли чеҳраси, оҳу кўзлари қалбимда адоқсиз ҳайрат уйғотаверарди.

Яқинда тасодифан бир муаллим танишим билан бўлган сухбатимиз адабиёт ва китоб муталааси ҳақида борди. Сўз китоб мутолаасига келганда муаллимнинг чеҳраси бироз тундлашди.

Биласизми, дея сўз бошлади у. Бир куни дарс пайтида ўқувчиларимдан «Ўткан кунлар»ни ким ўқиган? - деб сўрадим. Назаримда ҳамма бирдек қўлини кўтариб «мен», «мен» дейдигандек ҳурсанд эдим.

Болалар жим...

Йўғ-е бирортаси ўқиган бўлиши керак, деган илинжида саволимни яна такрорладим.

Ниҳоят бир қиз қўлини журъатсизгина кўтариб, устоз, мен ўқиганман, деди секингина.

Хатто айрим ўқувчилар саволимни тушуниб- тушунмай, ким?, нима? - дея ўзаро шивирлашишди. Бошимда oғриқ турди. Наҳотки, шундай бебаҳо, қимматли китоб­ни ўкишмаган бўлса?! Наҳотки, бизни ҳайратларга солган китоб... Ўқувчиларнинг лоқайд муносабатидан кўзларимга ёш келди.

Эртасигаёқ, китобни олиб келдим. Дарсдан сўнг ҳар куни 5-6 вароқдан ўқиб бера бошладим. Кунлар ўтиб бо­лалар китобга қизиқиб қолиб, менинг кунлик ўқиб беришимни кутмасдан, ўзлари китоб топиб ўқишни бошлаб юбордилар. Китоб бутун юқори синф ўкувчилари ичида қўлма- қўл бўлиб кетди...

Китоб инсонга ёлғиз қолганда ҳамрох, яқин дўст, ибрат- намуна мактабидир. У кишиларни қабохат, разолат ва жаҳолатдан асрайди, онгли, тартибли яшашга, яхшиликка ўргатади. Аксарият китобларда эзгу ниятли кишилар ҳаёти алғов- далғов бўлиб, ёмонлар қуршовида қолишади, лекин ўзининг ақл- идроки, сабр-бардоши, фахм- фаросати ила қийинчиликларни енгиб ўтади, оҳир-оқибат кўзлаган мақсадига эришади.

Мухтасар қилиб айтганда, китоб қадрли, бебаҳо маънавий бойлик. Дунёдаги жамийки эзгуликлар чорловчисидир. Унга хамиша ҳамрох бўлинг! Уни дўст тутинг! Ҳаётингиз мунаввар, қалбингиз ҳамиша ки­тоб муталааси завқига тўлсин!

Фурқатжон ҚОДИРОВ.