Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
ПАХТА – 2022: ТУМАНИМИЗДА ЙИҒИМ–ТЕРИМ ИШЛАРИ ЖАДАЛ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА
2022-10-01 19:53:32 299
Айни кунларда вилоятимизда бўлгани каби Тошлоқ туманида ҳам жорий йилги пахта мавсуми юмушлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, мавсум уюшқоқлигини таъминлаш мақсадида туманда жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилиб, фермер хўжаликлари ва терим отрядлари аъзолари учун барча шарт-шароит яратиб берилди.
Бу йил Тошлоқ туманида 5120 гектар майдондан 18 минг 200 тонна сифатли пахта ҳосили йиғиштириб олишда мавсум иштирокчиларининг моддий манфаатдорлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Шу боис теримда ҳар куни ўртача 6500-6700 нафар теримчилар қатнашмоқда.
Ҳозирги кунга қадар пахтачилик йўналишидаги 166 та фермер хўжаликлари ва 90 та терим отрядлари томонидан 14,5 минг тонна пахта териб олинди. Бугунгача 4447 гектардан териб олинган пахта ҳосилдорлиги бир гектардан ўртача 32,7 центнерни ташкил этаётир. Кўплаб илғор фермер хўжаликлари биринчи теримнинг ўзида 42-45 центнердан ҳосил олишга эришаётгани қувонарлидир.
Тумандаги “Асадбек Қобилжон” фермер хўжалиги аъзолари шартнома режасини бажариш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда. Биринчи теримнинг ўзида 35 гектар майдонга экилган “С-8290” навли пахтанинг ҳар гектаридан ўртача 40 центнердан ҳосил олиняпти. Далада ҳали 16 гектар ерда биринчи терим турибди. Фермер хўжалигида пахта тераётган 59-отряд аъзоларига шу кунгача 45 миллион сўм терим пули тарқатилди.
-Биринчи теримнинг ўзида ҳар гектар ердан олинадиган ҳосилдорликни 45 центнерга етказишни мақсад қилганмиз,-дейди “Дурдона барака” фермер хўжалиги раҳбари Абдужалил Раҳимов. –Ҳозирча 13 гектар ерда биринчи терим бўлишига қарамай шартнома режаси деярли бажарилди. Ҳар куни ўртача 135-150 нафар теримчи пахта термоқда. Ўтган ҳафтадан буён ҳар бир кило пахта учун 1700 сўмдан терим пули, 100 кг пахта учун 1 кг дан ўсимлик ёғи тарқатиляпти. Мавсум бошидан буён теримчиларга 150 миллион сўм терим пули тарқатилди. Шу йилнинг 29 сентябрь ҳолатига туманда териб олинган пахта учун теримчиларга 17 миллиард 509 миллион сўмдан ортиқ терим пуллари тарқатилди.
Мавсум фидойилари кузнинг ҳар бир қуёшли кунини ғанимат қилиб, йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан давом эттирмоқдалар.