Обращения юридических и физических лиц поступившие через веб сайт
Всего обращений: 38Статистика телефон доверия
ТОМОРҚАЧИЛИК - ХОНАДОН ХАЗИНАСИ
2022-11-03 13:45:15 379
Яқин кунларда қиш остона хатлайди. Тошлоқ туманидаги “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи томорқачилар бу фаслда сабзавотларини сотувга чиқаради. Йилнинг тўрт фаслида томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган миришкорлар ҳар бир кунни ғанимат билади. Томорқаларга экилган саримсоқпиёз, шивит, кашнич, лимон, мандарин, апельсин баравж ривожланмоқда.
Миродил Миролимов томорқачилик борасида кўпга ибрат бўлаётган ёшлардан. Томорқачи 6 сотих ерда иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиб, иш бошлаганига уч йил бўлди. Бу юмуш ёш оила ҳаёт тарзига ўзига хос ўзгаришлар олиб кирди. Иссиқхонага ҳамоҳанг чорвачиликни йўлга қўйди. Томорқа юмушларидан ортиб, қурувчилик ҳам қилади.
Шу ерда ҳам хориждагидан кам пул топаётганим йўқ, — дейди Миродил иссиқхонада баравж ривожланаётган ҳосил чўғига боқиб. — Бир неча йиллар пул топиш илинжида ўзга юртларда сарсон бўлганман. У ердаги шарт-шароит, оғир меҳнат силламизни қуритган. Томорқачиликни ривожлантириш, томорқачиларга яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, иссиқхона ташкил қилиб адашмаган эканман. Эртачи бодрингдан 20 миллион сўм даромад олдим. Иккинчи ҳосилга маккажўхори экиб, 1 тоннадан ортиқ дон ва чорвамиз учун ҳашак жамғардик. Экиндан бўшаган майдонларга эрта кузакда саримсоқпиёз доналарини қадаганмиз. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, 30 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни кўзлаб турибмиз. Бўшаган майдонларни пешма-пеш шудгорлаб, бодринг ва помидор экишга тайёрлаймиз. Хонадондаги ҳар бир қарич ер ҳисоб-китобли. Томчилатиб суғориш йўлга қўйилган.
— Маҳалламизда бекор юрган одам, бўш қолган экин майдони йўқ. Деярли ҳар бир хонадонда иссиқхона ташкил қилинган, — дейди “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳалимжон Исмоилов. — Йилнинг тўрт фаслида томорқадан унумли фойдаланамиз. Тўқсон гектардан ортиқ ерда етиштирилган сара маҳсулотлар ички бозордан ташқари қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Айни кунда смародина етиштириш бўйича кооперация ташкил қилдик. Бу бир вақтнинг ўзида 40 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлигини таъминлаш имконини берди. Бундан ташқари, маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси билан ҳамжиҳатликда томорқачиликни ривожлантириш, иссиқхона қуриш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 41 нафар фуқарога умумий қиймати 1 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит олишига кўмаклашдик. Маҳалламизда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ салбий ҳолатларга барҳам берилди.