Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ОИЛА – ЖАМИЯТ ВА ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
2022-02-08 19:37:56 234
Оила – жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънавий ва ахлоқий тарбия ҳам топади.
Жорий йилнинг 28 январь куни қабул қилинган вилоят ҳокимининг “Вилоятда эрта никоҳ, оилавий ажралишларни олдини олиш, нотинч оилаларни яраштириш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан феврал ойи “Ажримга қарши курашиш ойлиги” деб белгиланган. Мазкур қарорга кўра, эрта никоҳ, оилавий ажралишларни олдини олиш, нотинч оилаларни яраштириш бўйича мувофиқлаштирувчи вилоят ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган. Бугун Ишчи гуруҳи вакиллари Тошлоқ туманида бўлишиб, оилавий ажримларни олдини олиш бўйича амалга оширалаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Туман Ахборот-кутубхона марказида “Оила – жамият ва давлат ҳимоясида” шиори остида тадбир ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Тўлқиной Тожиева, туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев, туман прокурори Аҳрорбек Худойберганов, вилоят ва туман ишчи гуруҳлари аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари, хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши аъзолари, 15 та ажрим ёқасидаги оилалар, шунингдек кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Комилахон Кавлонова очиб, икки ёшнинг бошини қовуштириб, бир оилани барпо қилиш ўз-ўзидан бўлмаслиги, бунинг учун ота-оналар, ёши улуғлар кўпдан-кўп маслаҳат ва саъй-ҳаракатлар қилиши, елиб-югуриши ҳақида тўхталиб ўтди. Бироқ ёш эр-хотин ўртасидаги арзимас гап-сўзлар ва асоссиз важлар туфайли гулдек оилаларнинг барбод бўлаётганлиги, баъзан маҳалла фаолларининг оилалардаги келишмовчиликлар, жанжалларга бефарқлиги, уларнинг масъулиятсизлиги туфайли ҳам оилавий ажримлар пайдо бўлаётганини минг таассуф билан тилга олди.
Тадбирда Тўлқиной Тожиева йиғилганлар билан суҳбатлашиб, оиланинг муқаддаслиги, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳиятини ҳаётий, таъсирчан мисоллар асосида тушунтириб ўтди. Ажримларни олдини олиш масаласига ота-оналар, тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ҳамиша масъулият билан қарашларига эътибор қаратди.
Ажрим ёқасидаги оилалар билан туман ҳокими, туман прокурори ҳамда имом-хатиблар ва отинойилар суҳбат олиб бордилар. Тадбир давомида уч оила яраштирилди. Айрим оилавий ажримларга бошқа шахсларнинг ҳам иштироки сабаб бўлаётганлиги аниқланиб, жойида ўрганилиши белгиланди.
Тадбир давомида оилавий ажримларнинг олдини олишда биргаликда ишлаш, ҳар бир масъул раҳбарлар ҳам бу борада тизимли ишларни йўлга қўйиши юзасидан келишиб олинди.