Бугун Тошлоқ туманининг Заркент қишлоғида жойлашган “Vodiy tuyalari” экотуристик фермер хўжалигида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Фарғона вилоят бошқармаси ҳамда Тошлоқ туман ҳокимлиги ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун Пресс-тур ташкил этилди. Тадбир қатнашчиларига дастлаб ушбу экотуристик марказ ҳамда унинг тасарруфида фаолият кўрсатаётган сиҳатгоҳ ҳақида маълумот берилди. Таъкидлаш жоизки, фермер хўжалиги раҳбари Одилжон Ҳомидов 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида чорвачилик ва туячилик тармоғини ривожлантириб келмоқда. Дастлаб 1 дона туя олиб келиниб парвариш қилина бошлаган бўлса, эндиликда туяларнинг сони 100 тадан ошиб кетди. Туяларнинг 30 таси соғин бўлиб, уларнинг шифобаҳш сутлари орқали жигар, буйрак, ошқозон, ўт қопи каби кўплаб касалликлар муваффақиятли даволанмоқда. Фермер хўжалиги қошидаги экотуристик сиҳатгоҳда Фарғона вилоятидан ташқари мамлакатимизнинг кўплаб вилоятлари, шунингдек, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистондан ҳам беморлар келиб даволаниб кетишмоқда. Пресс-тур давомида фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишган журналист ва блогерлар бу ерда туялар парвариши жараёнини ўз кўзлари билан кўришди. Шу куни Тошлоқ тумани Давлат хизматлари марказида туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев иштирокида матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Юзма-юз мулоқотда туман ҳокими ОАВ вакилларига Тошлоқ туманида “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида олиб борилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари хусусида маълумот берди. Айтиб ўтилганидек, 2022 йил куз мавсумида туман ҳудудига 308 минг 805 дона мевали ва манзарали дарахт, бута кўчатлари экилиши режалаштирилган эди. Ҳисобот даврида режа ортиғи билан уддаланиб, 346 минг 374 дона дарахт ва бута кўчатлари экилиб, яшил майдонлар яратилди. 2023 йилда эса туман ҳудудида 514,5 минг дона дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, айни вақтда дарахт экиш ишлари олиб борилмоқда. Матбуот анжуманида туман ҳокими мавзу юзасидан журналист ва блогерларнинг қизиқтирган саволларга жавоб берди.