Сўнгги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. Муаммоларга жойида ечим топилмоқда, аҳолини қийнаётган, ўйлантираётган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Мақсад одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларни ҳаётдан рози қилишдан иборатдир. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошлоқ тумани Халқ қабулхонасида туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаевнинг навбатдаги қабули ўтказилди. Унда 30 нафар фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди. Моддий ёрдам ажратиш, ишга жойлашиш, имтиёзли кредит олиш, газ, сув, электр таъминотини яхшилаш каби 10 та мурожаат жойнинг ўзида ижобий ҳал этилиб, 3 нафар фуқарога бир марталик озиқ-овқат маҳсулоти ажратилди. Қўшимча ўрганиш, муддат талаб этилган 15 таси назоратга олинди. 2 та мурожаатга атрофлича тушунтиришлар берилди.