Китоб мутолааси одамларни ҳамиша эзгуликка чорлайди ва маърифатга ошно этади. Ёшларнинг қалбида юксак маънавиятни шакллантиришда китоб ва китобхонликнинг ўрни беқиёс. Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, Президентимизнинг бир қатор қарорлари қабул қилинди. Куни-кеча Тошлоқ туманида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан 49 та маҳалла фуқаролар йиғинларига турли хилдаги бадиий китоблар жамланмаси тарқатилди. Китобларни ўзини ўзи бошқариш органларига тарқатишдан мақсад ҳар бир маҳаллада ўз кутубхонасини ташкил қилиш, аҳолини китобга бўлган қизиқишини ортириш, маҳалла аҳлининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва маҳаллаларнинг маънавий хазинахонасини янада бойитишдан иборатдир.