2023 йил 1 январдан бошлаб солиқ қонунчилигига қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун 4 фоиз миқдоридаги ягона ставкани белгилаган ҳолда бир хиллаштирилди. Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби жорий этилди. Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур тартиб бўйича солиқ тўлаш ихтиёрий ҳисобланади. Ушбу тартибни танлаш тадбиркорлик субъектлари учун қуйидаги енгилликларни яратиб беради:- Солиқ органларига молиявий ҳисоботлар ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти юзага келмайди;- банк ҳисоб варағидан дивиденд тарзида ечиб олинадиган маблағлар солиққа тортилмайди;- товарлар ҳисобини юритиш талаб этилмайди. Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Президентимиз томонидан тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бинобарин, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–43-сон, 03.02.2023 й.) қабул қилинди. Қарорга кўра, тадбиркорларнинг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелгача тўхтатилади. Бундан ташқари, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субектларга 2023 йил 1 апрелгача жарималар қўлланилмайди. Албатта, қийинчиликларга учраган тадбиркорларга солиқ хизмати органлари “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида хизмат кўрсатишни давом эттирадилар. Таъкидлаш жоиз, айни кунларда Тошлоқ туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тадбиркорлар билан турли очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилмоқда, муаммолар ўрганилиб ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун муҳим бўлган қатор йўналишларни белгилаб олган ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Хусусан, 2023 йил январь ойи давомида Тошлоқ туман давлат солиқ инспекцияси томонидан 131 та тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Мазкур жараён давомида кўмаклашиш зарур бўлган 43 та тадбиркорлик субъектларига дастлаки бухгалтериясини юритиш, қулай солиқ режимини танлаш, солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартибини тушунтириш, ортиқча ҚҚС тўловларини қайтариш каби масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди.