Шу йилнинг 20 январь куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани танқид қилинди. Бу борада ўқувчи-ёшларга мактабда камида иккита хорижий тил ҳамда битта касб-ҳунар ўргатиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан устувор вазифалар белгиланди. Айни кунларда Тошлоқ туманида умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга жиддий аҳамият қаратилаётгани эътиборга сазовордир.
-Ҳозирги кунда билим даргоҳида 660 нафар келажагимиз ворислари ўқимоқда,-дейди тумандаги 18-умумтаълим мактаби директори Моҳида Жўраева. – Ўқувчилар дарсдан сўнг дурадгорлик, чеварчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган касбларни ўрганишяпти.Таълим муассасаси жойлашган “Найман” МФЙдаги эшик-ром ясовчи усталар, ширинликлар пиширувчи қандолатчилар билан келишган ҳолда уларни мактабдаги амалий машғулотларга жалб этишни режалаштиряпмиз. Қизлар учун ҳамширалик иши курсларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда.
“Юқори қишлоқ” МФЙдаги 42-умумтаълим мактабида 316 нафар ўғил-қизларимиз таҳсил олаётган бўлса, ҳунармандчилик йўналишида бир неча касбларни ўргатишга киришилди. Бунинг учун маҳалладаги катта ҳаётий тажрибага эга ҳунармандлар жалб этилди.