“Пиёзчилик” МФЙ ҳудудидаги 39-умумтаълим мактаби ўқувчиларни касбга йўналтириш бўйича туманда намуна сифатида танлаб олиниб, ўқувчиларни косибчилик ҳунарига ўргатиш йўлга қўйилди. -Маҳалламиз асосан косибчиликка ихтисослашган, деярли ҳар бир оила аъзоси ушбу юмуш билан шуғулланади,-дейди “Пиёзчилик” МФЙ фаоли, тадбиркор Муқаддас Солиева. – Маҳалламизда тайёраланаётган кенг ассортиментдаги пойабзаллар водий вилоятлари, Тошкент шаҳрида жуда ҳам харидоргир. Шунингдек, маҳсулотларимиз қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинади. Ҳозирги кунда мактабда ўқувчиларга косибчилик касбини мукаммал ўргатиш учун махсус хона жиҳозланди. 35 нафар ўғил-қизлар дарсдан сўнг бажонидил ушбу касбни ўрганишяпти. Пойабзалнинг баъзи қисмларини мустақил тайёрлашни ўрганиб олганлари кунига ўртача 120-150 минг сўм маблағ ҳам ишлаб топишни бошлашди.
Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев мактабда косибчилик ҳунарини ўрганиш учун яратилган шароитлар билан танишиб, ажратилган хоналарни кўпайтириш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан косибчилик маҳсулотлари тайёрлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар олиб бериладиган бўлди.