Бугун Тошлоқ тумани прокурори Ахроржон Худойбергановнинг ташаббуси билан 2-сектор ҳудудидаги “Янги йўл” МФЙда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Тумандаги ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар, айниқса хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни меҳнат бозоридаги касбларга йўналтириш мақсадида ўтказилган меҳнат ярмаркасида тумандаги 22 та иш берувчи корхона ва ташкилотлар ўзларининг 450 та бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этди. Корхона ва ташкилотлардан ташриф буюрган вакиллар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот беришди. Меҳнат ярмаркаси давомида 128 нафарга яқин фуқаролар иштирок этди. Рўйхатдан ўтганларнинг 70 нафарга яқинини аёллар ташкил этган бўлса, 58 нафарга яқини ёшлардир. Улар ўзларига мос бўлган иш ўринлари билан танишдилар. Натижада, ярмарка давомида 33 нафар фуқаролар билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномалари имзоланди. Шунингдек, меҳнат ярмаркасида тумандаги йирик корхоналардан бири ҳисобланган “SMSHD TEX” МЧЖнинг ҳам бўш иш ўринлари тақдим этилди. Шу куни ишлаш истагида бўлган фуқароларга корхонада яратиб берилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконияти яратилди. Бу каби ярмаркаларнинг давомли ташкил этилиши, ишсиз бўлган фуқароларимиз учун ўзларига муносиб иш ўрни топишда муҳим аҳамият касб этади.