ИИБ ХОДИМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ОТА-ОНАЛАРИ ИШТИРОКИДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ
×
2023-03-06 16:07:33 369
PDF юклаш
Чоп этиш
Куни-кеча Тошлоқ тумани ҳокимлигида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида уларнинг ота-онаси ва оила аъзолари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида учрашув бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ИИБ маънавий – маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари подполковник А.Т.Фозилхўжаев ҳамда вилоят фахрийлар кенгаши раиси истеъфодаги подполковник А.Усмонов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тезкор ходими подполковник И.Хидиров ҳамда ходимларнинг ота-оналари иштирок этди. Дастлаб учрашувда туман ИИБ бошлиғи Фарҳоджон Бектошев ходимларнинг ота-оналарига мурожаат қилар экан, фарзандини турли ножўя қилмишлардан, эгнидаги хизмат кийимига доғ тушурувчи ҳатти-харакатлардан асраш, “Халқ посбони” деган юксак ва шарафли номни оқлашлари учун раҳбарият билан янада яқин ҳамкорлик қилишга чақирди. Учрашувда туман ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва эл тинчлиги, юрт осойишталигини таъминлашда юксак касб маҳоратини намойиш этиб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариб келаётган бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлари ва намунали ходимларнинг ота-оналарига вилоят ИИБ раҳбариятининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди. Учрашув сўнггида ходимларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.