8 МАРТ – ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ
×
2023-03-07 17:27:36 278
PDF юклаш
Чоп этиш
Бугун Тошлоқ туманидаги “Оқ олтин” тўйхонасида туманимизнинг фаол хотин-қизлари учун файзли дастурхон ёзилиб тантанали байрам кечаси ташкил этилди.Давлат ва жамоат ишларида, туман ҳаётининг барча соҳаларида фаолият юритаётган фаол аёл ва қизлар, азиз ва муҳтарама онахонлар иштирок этган байрам тадбирини туман ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаев очди ва муҳтарама онахонлар, азиз аёл-қизларни 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этди.Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони туманимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Мазкур чора-тадбирларга асосан туманимизда ўтган йилда кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 20 нафар ногирон ҳамда ёлғиз оналар ва боқувчисини йўқотган аёлларга арзон уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар учун қарийб 428 миллион сўмга яқин маблағ ажратилди. Тижорат банклари томонидан 556 нафардан зиёд тадбиркор аёлларга 12 миллиард сўм кредит маблағлари берилди. Шунингдек, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 1007 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланиб, 567 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Ногиронлиги бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида 51 нафар ногирон аёллар касаначилик фаолиятига жалб этилди. Байрам кечасида туман ҳокими А.Джурабаев ҳамда сектор раҳбарлари туманимиз ижтимоий-маънавий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги самарали фаолияти учун бир гуруҳ аёл-қизларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширдилар. Туман маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастурида мумтоз куй ва наволар, шўх рақслар, онани, аёлни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар байрам тадбирига ўзгача завқ бағишлади. Шу куни ҳурмат ва эҳтиром юксак эътибор ва рағбатдан мамнун кўнгиллар юксалди. Туманимизнинг фаол хотин-қизлари шарафига ташкил этилган байрам тадбирида муҳтарама аёлга юксак эҳтиром кўрсатилди.