Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҲУНАРМАНДЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ РИВОЖЛАНМОҚДА
2023-03-25 15:29:12 345
Кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисини тадбиркорликка жалб этиш ҳамда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш борасида қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, доимий ва қўшимча даромад манбаига эга қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудларда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Тошлоқ туманида ҳам ушбу тамойил асосида ҳар бир ҳудудда ўзига хос ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Кейинги йилларда «Дўстлик» МФЙда ҳунармандчилик, гулчилик ҳамда бошқа тадбиркорлик турлари тобора ривожланиб бормоқда. Айни пайтда мазкур маҳаллада 685 та хонадонда жами 2850 нафар фуқаро истиқомат қилади. Булардан 40 нафарга яқини тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда. Биргина, 2022 йил давомида 38 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилган. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси Яшнарбек Содиқовнинг айтишича, ўз маблағлари ҳисобидан тадбиркорликни бошлаб, маҳалладаги кўплаб ишсиз хотин-қизларни иш билан таъминлаётган тадбиркорлар сони кун сайин ортиб бормоқда.
Шундай тадбиркорлардан яна бири Марҳабатхон Қодировадир. Бу тадбиркор аёл ўз хонадонида гулли-чокли уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш билан қарийб 35 йилдан буён шуғулланиб келади. Ҳозирда у нон ёпишда ишлатиладиган 10 турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради. – Касбим – шифокор, – дейди биз билан суҳбатда уста-ҳунарманд Марҳабатхон Қодирова. – Болалигимдан бу ҳунарга қизиқишим, меҳрим бошқача бўлган. Шу сабабли ҳам ҳозирда севимли ҳунаримни астойдил давом этирмоқдаман.
Бир сўз билан айтганда, тошлоқлик тадбиркорлар ишлаб чиқариш ҳажми ва кўламини янада кенгайтириб, ўз маҳсулотларини кўпроқ экспортга жўнатиш мақсади билан яшамоқдалар.