Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
МАҲАЛЛАЛАРГА ОБИ-ҲАЁТ КИРМОҚДА
2023-04-03 17:14:32 261
Хабарингиз бор, 2022 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-408-сонли қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга мувофиқ, вилоятимиз маҳаллаларида инфратузилма билан боғлиқ ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш масалалари бўйича кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Тошлоқ туманида ҳам қарор ижросини таъминлаш асосида туман аҳолисини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган айрим муаммолар ўз ечимини топмоқда. Жумладан, тумандаги “Хонариқ” МФЙда 1,8 км ичимлик сув тармоғи тортилди, 1 дона сув иншооти ўрнатилди.
Шунингдек, “Якковут” МФЙ ҳудудида 1,5 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, айни пайтда сув қудуғи қазиш ишлари бажарилди. Бундан ташқари, тумандаги “Садда”, “Сўкчилик”, “Заркент”, “Хўжаариқ”, “Учолиш”, “Қуйи-яккатут” “Сой-бўйи”, “Чек”, “Найман”, “Хотинқуми”, “Гузарбоши”, “Қанжирға” каби МФЙлар ҳудудларида ҳам янги сув қудуғи қазиш, сув минораси, сув насоси ўрнатиш ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда.
Айни кунларда туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ана шундай эзгу ишлар олиб борилмоқда. “Қанжирға” МФЙ ҳудуди аҳолиси бугун юқори кайфиятда. Сабаби неча йиллардан буён орзиқиб кутишаётган оби-ҳаёт маҳаллага кирмоқда. Маҳалла ҳудудида янги сув қудуғи қазиш, сув минораси, трансформатор ўрнатиш ва 5,6 км сув тармоғи тортиш режалаштирилган эди. Бугунги кунда эса 1 дона сув қудуғи қазилиб, аҳолига 5 км масофада тоза ичимлик суви тортилди.
– Ҳар бир хонадонга тоза ичимлик суви тармоқлари тортилиб, сув жўмраклари ўрнатилар экан, дейишса, тўғриси, ишонмаган эдик, – дейди “Қанжирға” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Улуғбек Нишонов. – Мана, кўз ўнгимизда сув қудуғи қазилиб, кўчалар бўйлаб сув тармоқлари тортиляпти. Энди ҳар бир хонадонга тоза ичимлик суви кириб боряпти. Энг асосийси, сувни узоқдан ташиб келиш каби муаммоли юмуш йўқолди. Барчаси учун, аввало, одилона сиёсат олиб бораётган муҳтарам Президентимизга ҳамда шу ишларнинг устида туриб, бажараётган мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.