Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ХОРИЖДА ИШ ИЗЛОВЧИ ЭДИМ, ЮРТИМДА ИШ БЕРУВЧИ ТАДБИРКОРГА АЙЛАНДИМ — РЎЗИМУҲАММАД МАШРАПОВ
2023-08-22 16:36:27 352
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, ҳар бир оилани тадбиркорликка жалб этиш орқали муқим даромад манбаини яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда улкан ютуқларга эришиляпти. Айни жараёнда хорижда ишловчи меҳнат муҳожирларини юртимизга қайтариш, улар учун доимий иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлик қилиш истагидагиларга имтиёзли кредит ажратиш, бўш биноларни ноль қийматда ижарага беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳаётбахш ислоҳотлар самараси сифатида эса сўнгги йилларда оилавий тадбиркорлик, якка тартибдаги тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнес субъектлари сони қувонарли даражада кўпайиб, ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий дастурларни ҳаётга татбиқ этишда жуда ҳам қўл келаётир. Бу борада Тошлоқ тумани маҳаллаларида эришилаётган ютуқлар ҳам эътиборга сазовордир.
“Сўфилар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рўзимуҳаммад Машрапов қарийб 13 йилдан буён Россия Федерациясининг Каленинград шаҳрида қурилиш соҳасида ишлаб келган.
Ватандан олисда, оиласидан йироқда меҳнат қилаётган юртдошимизга ўз Ватанида ҳам ишлаб яхши даромад қилишга шароит етарли эканлиги маҳалла бешлиги томонидан тавсия қилинган эди. Қадрдон оиласи бағрига қайтган Р. Машрапов “берсанг ейман” деб ўтирмади. Аввалига ўз маблағи ҳисобига пенаблок ғиштларини ишлаб чиқарувчи ускуналарни сотиб олиб хонадонида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Олдига ўғли ва икки нафар ишчини олиб иш бошлаган тадбиркор бугунги кунда ўз фаолиятидан мамнун.
—Ўз Ватанингда, оиланг бағрида бўлиш энг катта бахтлигини ҳис қилдим. Узоқ юртларда меҳнат қилиб топган пулингдан ўз маҳаллангда, ўзингни тадбиркорлигингдан келган пулнинг баракаси бор экан,—дейди Р. Машрапов. —Яқинда маҳалладошлар, қариндошлар даврасида тўй қилдик. Бу каби маросимларда яқинларнинг иссиқ юзини кўриб янада қувонасан киши.
Қишда иссиқ, ёзда муздек сақловчи пенаблок ғиштларини ишлаб чиқаришни бошлаган тадбиркорга маҳалладошларидан кўплаб буюртмалар тушмоқда. Бундан ташқари, ички бозорга ҳам маҳсулот етказиб беришни йўлга қўйганлиги тадбиркорнинг даромади кўпайиб фаолиятини янада кенгайтиришига сабабчи бўляпти.
Тадбиркорнинг уйига келиб ўрганган маҳалладаги бешлик имтиёзли кредит олишни ҳам тавсия қилди. Бу маблағ эвазига ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириши, қўшимча ишчи ўрни яратиши баробарида ўзи каби олис юртлардан қайтган Ватандошларини ҳам иш билан таъминлаши мумкинлигини айтиб ўтдилар.