Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Тошлоқлик фермерлар ҳар гектар ердан 50 центнердан пахта ҳосили олмоқда
2023-10-09 09:15:10 224
Қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик тармоғига илм-фан ютуқлари, инновациялар кенг татбиқ этилаётгани самараси сифатида кейинги йилларда ушбу йўналишда ютуқлар кўлами ҳамда даромад салмоғи йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
Тошлоқ туманида жорий деҳқончилик йилида 4800 гектар майдонда пахта етиштирилди. “Экспо колор прин текс” МЧЖ кластер корхонаси ва тумандаги 166 та пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ўртасида 18 минг 200 тонна муҳим саноат хом ашёси етиштириш бўйича шартнома имзоланди.
Шу мақсадда олий таълим муассасалари олимлари, соҳада кўп йиллик тажрибага эга миришкорлар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилиб, серҳосил ва эртапишар навларни кўпайтириш, томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш, минерал ва маҳаллий ўғитлардан фойдаланиш, ҳашоратларга қарши биологик усулларни қўллашда илмий ёндашув йўлга қўйилди.
Натижада барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилди. Кластер корхонаси томонидан бунинг учун зарур бўладиган моддий ресурслар узлуксиз етказиб берилди.
Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига қараганда, бу йил туманда пахта ҳосилдорлиги ўртача 5-7 центнерга ошди. “Боймат Шерматов саховати”, “Дурдона барака”, “Бесаранг гулшани”, “Муқаддас” каби ўнлаб фермер хўжаликларида биринчи теримнинг ўзида 45-50 центнердан ҳосил йиғиб олинди.
— Янги тажриба сифатида бу йил ғўза кўчатлари қалинроқ қолдирилди, яъни, кўчат қалин бўлса, ҳосилдорлик пасайиб кетади, деган эскича қарашдан воз кечилди, — дейди “Асадбек Қобилжон” фермер хўжалиги раҳбари Қобилжон Қамбаров. — Натижада мавсумнинг ўтган даврида 28 гектар ерда парваришланган пахтанинг ҳар гектаридан 50 центнердан ҳосил йиғиштириб олишга муваффақ бўлдик. Фермер хўжалигимизнинг биргина пахтачилик соҳасидан оладиган даромади ўтган йилларга қараганда икки ҳисса ортиши кутилмоқда.
Таъкидлаш ўринли, тошлоқлик фермерларнинг пахта хирмони шу кунгача 16,5 минг тоннадан (шартнома режасига нисбатан қарийб 92 фоиз) ошди. Айни пайтда йиғим-терим мавсуми юмушлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.