Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 5 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ТОШЛОҚ ТУМАНИДА ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР УЧУН ПРЕСС-ТУР ВА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

×

 2023-11-03 16:52:01    223

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун Тошлоқ туманида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ҳамкорлигидаги медиа-режага асосан, пресс-тур ҳамда матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тошлоқ туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар мавзусида ўтказилган пресс-турда туман марказида янги фойдаланишга топшириган кўп тармоқли шифохона фаолияти таништирилди. 
Унда, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, “Янги Ўзбекистон”, “Янги Фарғона”, “Фарғона ҳақиқати” газеталари ҳамда Фарғона МТРК, “Рухсор” телеканалларининг мухбирлари ва блогерлар иштирок этдилар.
Дастлаб, пресс-турда ОАВ вакиллари Тиббиёт бирлашмасига қарашли 5 қаватли, 175 ўрин-жойга эга бўлган янги бино ҳақида маълумотлар олдилар. Таъкидландики, 22,6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, барпо этилган бинода клиник даволаш бўлимларининг ишга тушиши натижасида тумандаги 214 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат сифати яхшиланди.
Тиббиёт биносида қабул-диагностика, реанимация, туғруқхона бўлими, хирургия ҳамда терапия бўлимлари мавжуд бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Беморларни ташхислаш учун рақамли рентген, замонавий УТТ аппарати, гастрофиброскоп, ЭКГ аппаратлари ўрнатилган. Пресс-тур иштирокчилари беморларга яратилган шарт-шароитлар ҳамда замонавий тиббий жиҳозлар билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг, журналист ва блогерлар "Ташаббусли бюджет" лойиҳасига кўра таъмирдан чиқарилган 54-оилавий поликлиника биносида бўлдилар. Таъкидлаш ўринлики, “Қуйи Яккатут” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 54-оилавий поликлиника биноси 1989 йилда қурилган бўлиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. 19304 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ушбу оилавий поликлиника ташаббусли бюджет натижасида тўлиқ таъмирдан чиқарилиб барча шароитларга эга бўлди. Таъмирлаш ишлари учун 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Яқин кунларда замонавий ҳамда барча шароитларга эга оилавий поликлиника аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатади.  
Шу куни медиа-режага асосан матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Унда туман ҳокими ўринбосари Элмуродхон Мадаминов ОАВ вакилларига Тошлоқ туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига кўрсатилаётган ёрдамлар ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маълумотлар бериб ўтди. Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.