Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“ХОНАРИҚ” МФЙДА 640 ГЕКТАР ЕРГА САБЗИ ЭКИЛИБ, ДЕҲҚОНЧИЛИК ҚИЛИНМОҚДА
2023-11-15 17:14:53 287
Юртимизда кейинги йилларда озиқ – овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизда нарх – наво барқарорлигига эришишга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Сабаби, бугунги кунда бутун дунёда табиий – иқлим шароити, экологик мувозанат бузилиб, аҳолини кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб масалага айланди.
Айни жиҳатларни инобатга олиб, мамлакатимизда, хусусан, туманимизда ҳам қишлоқ хўжалигига илм – фан ютуқларини кенг жорий этиш, табиий неъматлардан унумли фойдаланиш, тежамкор технологияларни амалиётда кенг қўллаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу борада аҳоли томорқаси, деҳқон ва фермер хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланиш, экспортбоп ҳамда серҳосил озуқа экинларини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Туманнинг энг чекка ҳудудлари сирасига кирувчи “Хонариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 4294 нафар аҳоли истиқомат қилади. Деҳқончилик маҳалланинг драйвери сифатида танланган. Маҳаллада миришкор томорқачилар сабзи етиштиришни яхши ўзлаштирганликлари сабабли йил сайин мўл ҳосил ва мўмай даромад олмоқдалар. Шу боис миришкор оилаларнинг кўпчилиги яхшигина тадбиркорга ҳам айланиб улугурган.
Маҳаллада етиштирилган маҳсулотларни шу ернинг ўзида ташкил этилган музлаткичли омборхоналарда сақлаб, ички бозор эҳтиёжидан ташқарисини қиш – баҳор мавсумида экспорт қилиш йўлга қўйилган. Шу мақсадда жорий йилда хонариқликлар 640 гектар ерга сабзи экиб, деҳқончилик қилишди. Шу тариқа 25 минг тонна ҳосил йиғиштириб олиниши режалаштирилган.
Ўтган йили 22 минг тонна ҳосил йиғиб олиниб, 10 минг тонна сабзи экспортга йўналтирилган эди. Ҳосилнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон бозорлари ҳамда йирик савдо тармоқларига етказиб берилди. Бу йилги режа янада улкан. Хайрулло Усмонов ҳудуддаги миришкор ва тажрибали деҳқонлардан ҳисобланади. Ҳар йили такрорий экин экиш учун ижара шартномаси асосида фермер хўжалигидан ер олиб сабзи етиштиради. Мўл ҳосилдан яхшигина даромад олиш билан бирга хонадонида 2 сотих майдонда иссиқхона ҳам ташкил қилган. Иссиқхонада 40 туп лимон кўчатлари парваришланади. Бундан ташқари, оиласи даромади ҳисобидан сиғими 130 тонна бўлган замонавий музлаткичли омборхона ҳам қуриб битказган. Тадбиркор бу йил 8 гектар ерга сабзининг “Цилиндр” навини эккан бўлиб, айни кунларда ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Бу борада 50 нафардан зиёд ишсиз оила вакиллари мавсумий юмушга жалб этилган. Уларга кунлик иш ҳақидан ташқари иссиқ овқат, жамоат транспортида бориб – келишлари учун йўлкира пули ҳам берилади. —Ота – боболаримиз сабзи ер тагидаги “олтин қозиқ”, “олтин хазина” дея бежизга айтмаган, - дейди Хайрулло Усмонов. —Маҳалла аҳли ушбу деҳқончиликка замонавий мезонлар асосида ёндошиб, кам бўлаётгани йўқ. Сабзи етиштириш орқали ҳар бир хонариқлик оиласида файз, барака бор. Бу йил об–ҳаво яхши бўлганлиги сабабли ҳосилни йиғиштириш ишлари қийинчилик туғдирмаяпти. Ҳозирда сабзи ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиштириб олмоқдамиз. Мақсадимиз – ўртача 30 тонна ҳосил олиш ва унинг салмоқли қисмини хорижга экспорт қилишга қаратилган.