Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЁҚИЛҒИСИЗ ИСИТИЛАДИГАН ИССИҚХОНА
2024-02-21 10:56:43 125
Ўтган қиш мавсумида рўй берган аномал совуқ натижасида аксарият иссиқхоналардаги сабзавот ва цитрус экинлари нобуд бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ Тошлоқ тумани “Варзак” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси томорқасидаги иссиқхоналарда бундай бўлмади. Нима учун?
Маҳаллада иссиқхоналарни куз-қиш мавсумида иситишда оддий кигизлардан фойдаланилади. Бир сотих иссиқхона учун 70 квадрат метр кигиз талаб этилади. Бу самарали усул иссиқхонадаги ҳаво ҳароратини 10-15 даражагача илиқ ҳолда ушлаб туриш имконини беради. 3 квадрат метр ўлчамдаги бир дона кигиз тайёрлаш учун ўртача 25 минг сўмлик хомашё керак бўлади. Маҳалланинг деярли ҳар бир хонадонида кигиз тайёрланиши ҳисобга олинса, камхарж ва самарали усулнинг афзалликларини чамалаш қийин эмас.
Адҳамжон Азимов бу борада кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган миришкорлардан. У томорқасида 3 сотих ёқилғисиз иситиладиган кигиз тўшамали иссиқхонада лимон ва кўкат етиштириш ҳадисини олган. Тартиб билан экилган ниҳоллар ривожланишдан тўхтагани йўқ. Келаётган даромад салмоғи ҳам чакки эмас. Ўтган мавсумда 1 тоннадан ортиқ лимон олиб, даромад салмоғи 30 миллион сўмдан ошган. — Куз-қиш мавсумида сабзавот, цитрус мева етиштириш ва сақлашда кигиздан фойдаланиш ҳар жиҳатдан қулай, — дейди томорқачи экинлар оралаб. — Айни кунларда кўкатнинг тўртинчи ҳосилини бозорга чиқаряпмиз. Янгича усулда иш олиб боришда табиий газ ва кўмир билан боғлиқ ортиқча сарф-харажат ва қиммат иситиш тизимларидан фойдаланишга ҳожат қолмайди. Кигиз экинларни совуқ ҳароратдан эрта кўкламга қадар ишончли ҳимоя қила олади. Қолаверса, қиш совуғига чалинмаган ниҳоллар кўкламда яхши ривожланади, ҳосилдорлик салмоғи юқори ва сифатли бўлади.
Бугунги кунда ҳудуддаги 80 дан ортиқ хонадонда умумий майдони 1,5 гектардан зиёд ёқилғисиз иситиладиган кигиз тўшамали ихчам иссиқхоналар бор. Ўтган йилнинг ўзида бу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган ташаббускорларга барча йўналишлар бўйича 1 миллиард 300 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари берилди.
Валижон Қурбонов кигизчилар сулоласининг еттинчи авлоди. Оила аъзолари баҳор ва куз мавсумига қадар кигиз тайёрлаш билан андармон. Бундан ташқари, томорқадан унумли фойдаланиб келади. Уч сотих иссиқхонада лимон кўчатлари парваришламоқда. Сархил ниҳолларни совуқ ҳароратдан сақлашда кигиз қўл келмоқда. — Тўшамаларни ўзимиз тайёрлаймиз, эҳтиёждан ортиғини сотамиз, — дейди кекса ҳунарманд. — Тўшамалар иссиқхона ичкарисидаги ҳаво ҳароратини ортиқча харажатларсиз бир меъёрда сақлаб туриш хусусиятига эга. Натижада ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ердан унумли фойдаланиляпти. Табиий хомашёдан ишланган тўшамалар сифатли, арзон ва узоқ муддат хизмат қилади.
Сирасини айтганда, ёқилғисиз иситиладиган ихчам иссиқхоналар барпо этишни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш имкониятини кенгайтираётгани билан аҳамиятли.