Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚИШЛОҚ АЁЛЛАРИ ЎЗ ҲУНАРИ ОРТИДАН ОИЛА ДАРОМАДИГА ҲИССА ҚЎШМОҚДА
2024-03-04 13:53:14 137
Давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва имкониятлар айниқса чекка ҳудудларда яшовчи хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтиришга катта туртки бўлмоқда. Бу борада Тошлоқ тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 30 нафар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган фуқароларга имтиёзли кредитлар ажратилган бўлиб, бунинг натижасида кичик бизнес субъектларининг сафи ортганлиги айни ҳақиқат.
Зуҳрахон Абдурасулова ҳам маҳалладаги ҳунарманд аёллардан. У турмуш ўртоғи Икромжон Абдурасулов билан бирга хонадонида касаначиликни йўлга қўйишган. Ҳунарманд оила мавсумга қараб эркаклар пойабзалларини тайёрлайдилар. Аввалига иккита тикув машинасида иш бошлашган бўлса ўтган йили маҳалла ҳоким ёрдамчиси М. Муҳаммаджонов тавсияси билан 12 миллион сўм имтиёзли кредитни олиб тикув машиналари сонини кўпайтирганлар. Бу дегани иш кўлами ҳам кенгайиб ишчи ўрни яратилишга сабаб бўлди. Ҳозирда хонадонда ташкилланган касаначиликка уч нафар ишчи аёллар олиниб уларни ҳам манфаатдорлиги таъминланмоқда.
—Бу ҳунар ортидан кам бўлмаяпмиз. Турмуш ўртоғим билан йўлга қўйган ишимиз ортидан рўзғоримизни бутлаб оиламиз даромадига ҳам бирга ҳисса қўшяпмиз. Фарзандларимиз камолоти йўлида биргина иш билан чекланиб қолмай хонадонимиздаги бўш турган 7 сотих ер майдонидан ҳам унумли фойдаланамиз. Бу жойда гул кўчатлари етиштириб гулчилик билан ҳам шуғулланамиз. Бу соҳанинг даромади ҳам ўзимизнинг меҳнатимизга боғлиқ,—дейди З. Абдурасулова.