Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 4 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ЖОРИЙ ЙИЛДА БЕСАРАНГЛИКЛАР 40 ГЕКТАР ЕР МАЙДОНИГА ЭКСПОРТБОП ҚОВУН НАВЛАРИНИ ЭКДИЛАР

×

 2024-04-04 10:33:18    146

PDF юклаш
Чоп этиш


Тошлоқ тумани Бесаранг маҳалла фуқаролар йиғинига кириб борар экансиз  ҳудуднинг ўзига хос деҳқончилиги бўлган қовун ва тарвуз шаклидаги рамзга кўзингиз тушади. Сабаби бу ҳудуднинг аҳолиси азалдан қовунчилик билан шуғулланади. Бесарангда ота-боболардан мерос деҳқончилик бугунги кунда замонавий мезонлар асосида ривожланиб экспортбоп қовун навлари етиштиришда ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Ҳудудда 754 та хонадон бўлиб, шундан 355 тасида қовун етиштириш йўлга қўйилган. Эртапишар қовун кўчатлари етиштириш билан бир қаторда бодринг ва экспортбоп карам навлари ҳам экиладики аҳоли томорқасида бўш жойнинг ўзи қолмайди.
— Бу йил томорқамизга 1500 та қовун, 1000 та карам, 1800 та бодринг кўчати экканмиз. Бодринг соя-салқинни яхши кўради, шу сабабли пайкал четларига макка ҳам экиб қўйдик,—дейди “Бесаранг” МФЙда яшовчи О. Холиқов.—Турмуш ўртоғим билан томорқада меҳнат қилиб кам бўлмаяпмиз. Ўтган йили 50 миллиондан ортиқ даромад қилдик.
Маҳалла аҳолиси йилига уч-тўрт маротабагача ҳосил олишади. Шунингдек турли сабзавот ва резаворлар кўчатлари етиштириб сотиш ҳам маҳалла аҳлининг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.
—Ҳудудимизда бекорчи инсонни ўзи йўқ. Аҳоли деҳқончилик қилиб даромад топади. Шунинг учун ҳам 2022 йилда 51 та аҳолига 7,5 гектар ер майдонини 30 йилга ижара шартномаси асосида ажратиб берганмиз. Шундан 7 нафари “Аёллар дафтари”да турган фуқаролардир. Мана шу ажратилган майдонга қовун экиб аҳоли даромад олишни бошлаган,—дейди маҳалла раиси Дилмурод Қосимов.
Маҳалла хотин-қизлар фаоли Манзурахон Хомидованинг таъкидлашича “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизлар ижара асосида берилган ер майдонларида деҳқончилик қилиб йилига 45 миллион сўмдан даромад олишмоқда. Бундан ташқари қовундан бўшаган ерга карам экишни йўлга қўйиб яна қўшимча даромад манбаига эга бўлмоқда эканлар.
Бундан кўриниб турибдики ҳудудда аёллар ҳам деҳқончилик соҳасида миришкор бўлиб кетишган. Биргина Раънохон Тўхтасинова томорқасидаги бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишда бошқаларга намуна. У қовун кўчатлари орасини ҳам бўш қолдирмай булғор қалампири экиб мўл ҳосил олиш тажрибасини олган.
—Бесарангнинг қовуни нафақат Фарғона водийсида, балки қўшни республикаларда ҳам машҳурдир. Шу боис экологик тоза маҳсулот МДҲ  давлатларига экспорт қилинмоқда. Бу борада ўтган йили Қирғизистонга 35 тонна — 250 миллион сўмлик, Россияга 52 тонна — 510 миллоин сўмлик қовун экспорт қилинди. Етиштирган экспортбоп қовунларимиз 20 кунгача яхши сақланиб туради. Шунинг учун ҳам келгусида европа бозорларига ҳам чиқаришни мақсад қиляпмиз,—дейди маҳалла раиси Д. Қосимов.