Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ТОШЛОҚ ТУМАНИДА ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР УЧУН ПРЕСС-ТУР ҲАМДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
2024-06-06 16:51:38 118
Бугун Тошлоқ туманида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тасдиқланган медиа-режага асосан, пресс-тур ҳамда матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб пресс-турда ОАВ вакиллари туманда ижтимоий соҳа объектларида давлат ҳусусий шериклик асосида умумтаълим мактабларида иситиш тармоқларини модернизация қилиш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан таништирилди.
Таъкидланганидек, эзгу ташаббус доирасида тумандаги 72 та ижтимоий соҳа муассасалари, хусусан, 52 та умумтаълим мактабларида иситиш тизими замонавий мезонлар асосида модернизация қилинди. Бу борада имзоланган келишув битимига кўра, “Раййона бизнес таъмир” МЧЖ томонидан ўтган даврда таълим даргоҳларига 1800 та “ақлли” иситиш қозонлари ўрнатилди.
Пресс-тур қатнашчилари тумандаги 12-, 14-умумтаълим даргоҳларида бўлиб, айни йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлар ва унинг амалий натижаларини бевосита кузатиш имконига эга бўлишди. Айни пайтда 12-умумтаълим мактабида 1713 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Янгиланишлар жараёнида билим масканига 6 та янги иситиш қозони ўрнатилиб, куз-қиш мавсуми беталофот ўтказилиши таъминланди.
Ўз навбатида 600 нафар келажагимиз ворислари ўқиётган 14-умумтаълим мактабида 9 та эски иситиш қозонлари алмаштирилиб, нафақат синф хоналарни бир маромда иситиш, энг муҳими, тежамкорликка эришилди. Мактаб директори Мухторали Юлдашевнинг қайд этишича, илгари куз-қиш мавсуми учун 100 тоннагача кўмир ёқилғиси ишлатилган. Модернизация жараёнлари туфайли жорий мавсумда 35 тонна кўмир ишлатилди.
“Раййона бизнес таъмир” МЧЖ раҳбари Мирқодир Бобоқуловнинг маълум қилишича, корхона томонидан 2007 йилдан буён илғор хориж тажрибаси ҳамда маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, 6 турдаги “ақлли” иситиш қозонлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона мутахассислари томонидан ҳар бир объектнинг ўзига хос хусусияти ва бинолар қувватидан келиб чиққан ҳолда иш ташкил этилиши натижасида хавфсизлик, тежамкорлик ва сифат нуқтаи назаридан барқарорликка эришиляпти. Корхона томонидан ҳар бир иншоот кесимида уч йиллик бепул хизмат кўрсатиш ва сервис фаолияти йўлга қўйилган.