Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ПИЁЗЧИЛИКДА КОСИБЧИЛИК ФАОЛИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ҲИСОБИГА ҚЎШИМЧА ИШЧИ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИЛМОҚДА
2024-07-19 15:48:46 127
Тошлоқ тумани Пиёзчилик маҳалла фуқаролар йиғинининг асосий драйвери косибчилик ҳисобланиб бу ҳунар билан аҳолининг 70 фоизга яқини фаолият юритади.
Бугунги кунда ҳудуддаги косибларнинг нафақат ўз оиласи иш билан банд бўлмоқда, балки бошқаларнинг ҳам ҳунар ўргатиб ишли бўлишларига сабабчи бўлмоқдалар.
Дилнозахон Мамажонова ҳам косибчилик билан тўрт йилдан буён шуғулланиб келади. Аввалига ўз хонадонида тўрт-беш хотин-қизлар билан иш бошлаган ҳунарманд ҳозирда 30 дан ортиқ аёлларни иш билан таъминлаган. Бугунги кунда хонадонида ҳамда қўшимча равишда ижара асосида олган бинода хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.
—Маҳалла ҳоким ёрдамчисига катта раҳмат айтаман. Сабаби менинг фаолиятимни кенгайтиришим учун имтиёзли 50 миллион кредит тавсия қилиниб уни олишимда ёрдам берди. Ушбу кредитни олиш ҳисобига қўшимча замонавий тикув машиналари харид қилдим ва яна қўшимча ишчи ўрни яратилди,—дейди ҳунарманд Д. Мамажонова.
—Ҳудудимиздаги тадбиркор ва ҳунармандларга доимо кўмакчимиз. Биргина косибчилик йўналиши учун шу кунгача 15 та ҳунармандга 384 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг натижасида ҳунармандлар сафи кенгайиб ишчи сони янада ортишига эришилди.—дейди маҳалла ҳоким ёрдамчиси Акрамжон Раҳмонов.
Ҳозирги кунда Д. Мамажонова буюртма асосида эркаклар ва аёллар ҳамда болалар пойафзалларини ярим тайёр кўринишда тайёрлаб етказиб бермоқда. Ишчиларга эса яхши шароит ва бепул тушлик ҳам ташкилланган. Ҳунарманд ишчиларига иш кўламига қараб ўртача ойига 3 миллиондан 5 миллионгача иш ҳақи бермоқда. Ҳунарманд келгусидаги режалари ҳақида гапирар экан яна имтиёзли кредит олиш ҳисобига хонадонида бўш турган майдонда бино қуриб катта цех ташкиллашни, асосийси ҳудуддаги ишсиз хотин-қизлар ва ёшларни ҳунарга ўргатиб иш билан банд қилишни мақсад қилган.