Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
«ПИЁЗЧИЛИК» МАҲАЛЛАСИДА ҲАР БИР ОИЛА ТАДБИРКОР
2024-07-23 11:45:34 108
Юртимизда ҳар бир оила доимий даромад манбаига эга бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадда ҳар бир маҳалланинг драйвери аниқланиб, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, томорқадан самарали фойдаланиш каби йўналишларда ҳаётбахш дастурлар рўёбга чиқариляпти.
Тошлоқ туманидаги «Пиёзчилик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5 минг 401 нафар аҳоли истиқомат қилади. Оилалар сони эса икки мингдан зиёд. Айни пайтда аҳолининг 70 фоизга яқини маҳалланинг асосий драйвери бўлган косибчилик билан шуғулланади. Бу борада 100 нафардан ортиқ лидер тадбиркорлар касаначилик асосида бир неча юзлаб маҳалладошларини доимий иш ўрни билан таъминлаган.
— 2023 йили косибчилик йўналишида 35 та оилага янги тикув машиналари олиб беришга кўмаклашилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида 15 нафар ҳунармандга 384 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб берилишига эришилди, — дейди «Пиёзчилик» МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Акрамжон Раҳмонов. — Бунинг натижасида маҳаллада ҳунармандчилик ва тадбиркорлик жадал ривожланяпти. Эндиликда ҳудудда тадбиркорликка алоқаси бўлмаган оиланинг ўзи йўқ.
Маҳалладаги деярли ҳар бир хонадон буюртма асосида эркаклар, аёллар ҳамда болалар пойабзалларини ярим тайёр ҳолда етказиб берилади. Бу маҳсулотлар улгуржи нархда мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етказилади, шу билан бирга қўшни Тожикистон ва Қирғизистонга ҳам экспорт қилинади. Ҳар бир косиб иш кўламига қараб, ойига ўртача 3–5 миллион сўм даромадга эга бўлади.
Маҳалла еттилиги томонидан бундан бир йил аввал ўтказилган ўрганиш давомида 191 нафар ишсиз борлиги қайд этилган. Жорий йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра, «Пиёзчилик» маҳалласида бор-йўғи 7 нафар ишсиз қолган. Масъулларнинг маълум қилишича, яқин кунларда тадбиркорлик йўналишида 20 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади. Ўз–ўзини банд қилиш мақсадида 2 нафар ишсизга скутер мотороллери олиб берилмоқда.
Мухтасар айтганда, «Пиёзчилик» маҳалласида тадбиркорлик ва давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли эришилаётган ютуқлар салмоқли ва бардавом бўлмоқда.