Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 11 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


КОРРУПЦИЯ ТАРАҚҚИЁТГА ТАҲДИД

×

 2024-09-26 14:09:15    144

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён коррупцияга қарши кураш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди. Давлатдаги барча ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар таркибида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида тузилмалар вужудга келди, Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясини ратификация этди, коррупцияга қарши курашда етакчи хорижий давлатлар тажрибаси, хусусан, қонунчилик соҳасидаги коррупцияга қарши курашда натижа берган халқаро нормалар миллий қонунчиликка жорий этилди.Юқоридагиларнинг натижаси сифатида, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Давлат раҳбарининг 2017 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда юқоридаги қонун, давлат аппарати ва фуқаролик жамияти институтларининг ушбу хавфли иллат билан курашдаги куч ва имкониятларини бирлаштириш имконини бергани ҳақида таъкидлагани, мамлакатда коррупцияга қарши кураш кенг кўлам олганини англатди. Коррупцияга қарши кураш давлат идоралари фаолиятини, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олди, мазкур курашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Жумладан, «Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида», «Электрон ҳукумат тўғрисида», «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида», «Жамоатчилик назорат тўғрисида», «Судлар тўғрисида» ва бошқа қатор қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида, «Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ»-деб таъкидлаб, айнан жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш орқали коррупцияга қарши курашда кўзланган мақсадларга эришиш мумкинлигини эътироф этди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, Президент барча давлат идоралари ва бошқарув органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шартлигини таъкидлади. Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро амалиётга назар ташлаб, тез фурсатда салмоқли натижаларга эришган Цингапурни мисол келтириш мумкин. Мазкур давлатни 1959-1990 йилларда Бош вазири бўлган Ли Куан Ю «Коррупцияни тўхтатиб қолишнинг энг осон усули мансабдор шахсларнинг ўз билганларича ҳаракат қилишлари имкониятларини камайтиришда»-деб айтган. Айнан, Ли Куан Ю ҳокимиятга келгач, Цингапурда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» қонун қабул қилинди, жамиятда қонун устуворлиги ўрнатилгани ва ҳар бир фуқаронинг қонун олдида тенглиги давлат тараққиётининг омили бўлди. Коррупцияга қарши курашдаги самарали йўллардан бири сифатида, Цингапур давлати суд тизими раҳбарларининг маошлари кескин оширилиб, энг яхши хусусий адвокатлар раҳбар лавозимларга таклиф этилгани эътироф этилади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашда, айниқса кадрларни танлаш ва уларни жой-жойига қўйишнинг адолатли тартибда амалга оширилиши ўзининг юқори самарасини бергани ҳам халқаро тажрибадан маълум. Умуман олганда, коррупция бутун дунё учун хавфли иллат ҳисобланади, шу сабабли мазкур соҳада кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирда жаҳонда мазкур ташкилотлар ва коррупцияга қарши курашда самарали натижаларга эришган илғор давлатлар томонидан коррупциянинг келиб чиқиши сабаблари, унинг бартараф этиш масалалари бўйича ахборот ва малака алмаштириш йўлга қўйилган. 1995 йилдан буён эса «Транспаренcй Интернатионал» халқаро ташкилоти томонидан коррупцияни қабул қилиш индекси эълон қилиб борилмоқда.Таҳлилларга кўра, Цингапур давлати сингари коррупция ўта пастлиги қайд этилган давлатлар сирасига, Скандинавия, жумладан, Дания, Швеция, Финляндия, шунингдек, Швейцария ва Янги Зеландия киритилган.
   Ўзбекистоннинг мазкур рейтингда тутган ўрни сўнгги йилларда коррупцияга қарши олиб борилаётган қатор ижобий ишлар туфайли яхшиланган, аммо давлатимиз биринчи юзталик давлатлари қаторида эмаслиги соҳада амалга ошириладиган ишлар кўплигидан далолат беради. Шу сабабли, сўнги йилларда Ўзбекистон халқаро тажрибага асосланиб коррупцияга қарши кураш сиёсатини олиб бормоқда. Айниқса, давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши, тадбиркорлик йўналишида қатор тўсиқларни олиб ташланиши, рақамли иқтисодиётга ўтилиши, ҳокимият, суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашдаги аниқ вазифалари белгилангани, оммавий ахборот воситаларига берилган сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати ўрнатилгани, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ижобий ўзгаришлар ҳамда кадрларни танлов асосида тайинлаш кабилар коррупцияга қарши курашдаги асосий стратегик йўналишлар ҳисобланади. Давлат раҳбари томонидан олға сурилган «ҳалоллик вакцинаси» орқали ҳам коррупция балосига тўсиқ қўйиш ва уни камайтиришга эришилади. Коррупция иллатига қарши кураш Президент ва давлат ҳокимияти органларининг назоратида бўлиши, жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш лаёқатини оширади, мамлакатимизнинг инвестицияларга очиқлиги ва халқаро обрўсини юксалишида муҳим аҳамият касб этади.
Жиноят ишлари бўйичаҚува тумани судининг раиси    Рахимов Авазбек Қобилжонович