Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ТОШЛОҚ ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР: ҚАДИМГИ ТОШЛОҚ
2018-05-19 17:38:57 507
Тошлоқ номи тош сўзига ўзакдан англашиладиган предмет, нарсанинг мўллигини, кўплигини билдирадиган ўрин-жой оти ясовчи – лоқ қўшимчасини қўшиш орқали ясалган. Тошлоқ – тошли, тоши кўп, сертош ерларда вужудга келган, ташкил топган қишлоқ маъносини ифода қилади. Аввал қишлоқ номи сифатида шаклланган Тошлоқ топономи кейинчалик туман номига кўчган. Тошлоқ номи билан юритилувчи жой номлари юртимизда оз эмас. Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Избоскан, Андижон, Жалолқудуқ, Балиқчи, Наманган вилоятининг Уйчи, Янгиқўрғон, Норин, Косонсой, Тўрақўрғон, Фарғона вилоятининг Қўштепа, Тошкент вилоятининг Бўка, Қуйи Чирчиқ туманларида Тошлоқ номида қишлоқ ва маҳаллалар мавжуд.
Қўқон хонлиги архивига доир ҳужжатларда Тошлоқ номи билан тилга олинади. Мазкур ҳужжатлар турли мазмунда бўлиб, уларнинг айримларида 1872-1874 йиллар давомида Тошлоқ бозорини ривожлантириш учун дўконлар, карвонсаройлар барпо этилганлиги ҳамда Тошлоқда Содиқбек ўрдаси ва қозихона қурилиши хусусида маълумотлар учрайди. Бундан ташқари Тошлоққа доир ҳужжатларнинг бирида қизиқ маълумот келтирилади. Унга кўра, Тошлоқдаги ўрдада айиқ сақланган ва бу айиқ занжирини узиб юборганлиги учун Муҳаммад Али исмли шахс Марғилон беги Султон Муродбек номига Тошлоқ ўрдасидаги айиқни ушлаб туриш учун йўғонроқ пишиқ занжир беришларини сўраб мурожаат қилади. Шунингдек, Тошлоқдан келган меҳмонларни хон саройида қай тарзда илтифотлар кўрсатилганлиги ҳам ҳужжатларнинг бирида ўз ифодасини топган.
Маълумотларга кўра, Тошлоқ маркази ҳудудида XX асрнинг бошларида марғилонлик бой савдогар Муҳаммад Каримбек (Мадкаримбек) томонидан барпо этилган мадраса ҳам мавжуд бўлган. Бу ҳақда Муҳаммад Азиз Марғилоний «Тарихи Азизий» номли китобида жумладан қуйидагиларни келтиради: «Муҳаммад Каримбек отлиғ савдогар одам бор эди. Тошлоқ маҳалласида бир яхши хиштдан мадраса бино қилиб кетти». 1909 йили Фарғона шаҳрида (ўша вақтда Скобелев номи билан юритилган – муаллифлар) чоп этилган «Фарғона вилоятининг аҳоли яшашдиган жойлар рўйхати» номли китобдаги маълумотларга кўра бу вақтда Тошлоқ қишлоқ сифатида Марғилон уездининг Марғилон волост (бўлис)и таркибига кирган бўлиб, унда жами 1739 нафар аҳоли истиқомат қилган.
Н.Абдулаҳатов, И.Тўхтабоевларни “Тошлоқ тарихидан лавҳалар” китобидан олинди.