Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“Ҳар бир оила — тадбиркор”
2019-07-20 09:44:02 283
“Ҳар бир оила — тадбиркор”
Ҳаётбахш дастур доирасида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар туфайли 24 нафар туманимизнинг дўппидўз ҳунармандлари имтиёзли кредитларни қўлга киритишди
МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИГИМИЗ РИВОЖИ ЙЎЛИДА
Фурқат маҳалла фуқаролар йиғинини дўппидўзлар маҳалласи деса ҳам бўлади. Боиси бу гўшада куёв дўппи тайёрловчиларнинг моҳир усталари истиқомат қилишади. Манаман деган дўппичилар шу маҳаллалик деса ҳам бўлаверади. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида бугун бу ерда дўппичилик ҳунари сирлари авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Маҳаллага келин бўлиб тушган қизларга ҳам қайноналари биринчи галда дўппининг тепчиш, пилтакачлаш ва қулоқ улаш каби жараёнларини ўргатишади. Уйидаги юмушларини бажариб, бўш вақтида “бекор ўтирмай, бекор ишла” дейишганидай шу йўсинда ҳам пул топиб фаровон яшаётганлар маҳаллада кўпчиликни ташкил этади.
Акциядорлик тижорат Халқ банкининг туман филилали орқали Фурқат ва Дўстлик маҳаллаларида истиқомат қилувчи 24 нафар дўппидўзларга 10 миллион сўмдан ҳунарни ривожлантириш орқали турмушларини янада яхшилашга қаратилган кредитлар тақдим этилди. Нақд пул маблағларини қўлга киритган ҳунармандлар энди оилавий тадбиркор сифатида келин-қизларию, қўни-қўшниларни ёнларига олган ҳолда фаолиятларини давом эттиришади.
- Маҳалламизнинг Маърифатхон Асқарова, Зулфияхон Сиддиқова, Мамлакатхон Жўрабоева, Қорияхон Ҳасанова каби уста дуппичилари, Мухаббатхон Рустамова, Ўктамхон Ҳусайинова, Ортиқхон Чопқиева ҳамда Одинахон Ҳошимова сингари дўппичиликни давом эттириб келаётган моҳир ҳунармандлари ҳам борки улар қўлидан чиқаётган Марғилон дўппилари бугун республикамиз бўйлаб тарқалмоқда, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Шахрибону Маъмурова, - Дўппи тайёр холатга келиши учун бир неча жараёнлардан ўтади. Асосан қўл меҳнати орқали яраладиган дўппиларимиз маҳалланинг ҳар бир хонадонига кириб чиқади десак ҳам бўлаверади. Шу боисдан ҳам уй бекаларимизнинг деярли барчалари иш билан таъминланган.
Дўстлик маҳалласилик Тожихон Оқйулова, Матлубахон Турсунова ҳамда Дилдорахон Юсупова сингари яна 6 нафар ҳунармандлар ҳам дўппичилик учун ажратилган имтиёзли кредитларни олишга муваффақ бўлишди. Маҳалла мутахассиси Гулбахорхон Ҳожибадалованинг таъкидлашича ҳозирда улар уста-шогирд анъаналари асосида ишни кенгайтиришиб ҳунар сирларини ёшларга ўргатиб келишмоқда. Бу эса ёшларимизни иш билан банд этиш, қўшимча ишчи ўрни яратиш мақсадида олиб борилаётган салмоқли ишларга хисса ҳамдир.
Хотин-қизлар учун иш ўринлари яратиш бугун Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатнинг ҳар бир бандидан ўрин олмоқда. Ундан оқилона фойдаланганлар ўз оиласи фаровонлигини ошириш баробарида жамиятимиз учун ҳам катта ҳисса қўшиб боришаётгани қувонарли ҳолдир, албатта.
Ҳуснидахон Якубова,
“Тошлоқ тонги” мухбири.