Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ВАТАН КЕЛАЖАГИ УЧУН ДАҲЛДОРЛИК
2019-11-15 16:25:20 317
Сайловлар — демократия кўзгуси
ВАТАН КЕЛАЖАГИ УЧУН ДАҲЛДОРЛИК
-Менимча барчамиз ана шу туйғуни қалбимизга жо этган ҳолда сайловларга муносабат билдиришимиз зарур, - дейди биз билан суҳбатда туман ҳокими Шуҳратжон Абдусаломов.
-Мамлакатимизда кейинги уч йил давомида юз бераётган беқиёс ўзгаришлар халқимиз дунёқарашига ҳам таъсир ўтказаётгани яққол сезилмоқда. Сизнингча бу галги сайловларнинг олдингиларидан фарқи бўладими?
-Дарҳақиқат юртдошларимиз ҳаётида кейинги уч йил ичида рўй берган ўзгаришлар, қўлга киритилаётган натижаларнинг залвори беқиёс. Бу ҳам бўлса давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг оғишмай амалга ошириб келинаётганлиги самарасидир. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек ташқи сиёсат сингари соҳаларнинг барчасида эришилаётган ютуқлар республикамизнинг тараққиёт йўлига дадил қадам қўйганидан далолат бериб турибди.
Қувонарлиси бугун қайси юртдошимизни олмайлик мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиётидаги ўзгариш ва ривожланишларга бефарқ эмас. Ҳар бир фуқаро ана шу ривожланишда ўз ўрни ва фикри бўлиши туйғуси билан яшамоқда.
Маълумки шу йил 22 декабрда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Президентимиз ўтган йил якунидаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳам юртимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлаган эдилар. Ушбу сайловни янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари сифатида баҳолаш мумкин. Унинг аввалги сайловлардан фарқли жиҳатларидан бири сайловларнинг илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилишидир.
-Шу ўринда мавжуд сайлов қонунчилигимиздаги бугунги ўзгаришлар, қабул қилинган Сайлов кодекси бўйича фикр-мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз...
-Айтиш жоизки ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиларидан бири бу- эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлигидир. Сайлов орқали фуқаролар бевосита жамият бошқарувида иштирок этадилар. Шу боис сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи энг муҳим сиёсий ҳуқуқлар сирасига киради. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга муҳим вазифалардан бири сифатида қаралиб яқинда юртимизда Сайлов кодекси қабул қилинди.
Сайлов кодекси 103 моддадан иборат бўлиб мамлакатиимизда амал қилиб келган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунлар ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида бирлаштирганлиги билан эътиборлидир. Илғор халқаро стандартлар ва хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқилган кодекс илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидаларни ҳам ўз ичига олиб унда барча сиёсий кучлар учун тенг шароитлар яратилиши назарда тутилган.
Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланмоқда. Бундан буён сайловчининг бир вақтнинг ўзида бир нечта рўйхатларга киритилишига чек қўйилиб “Бир сайловчи-бир овоз” принципига тўлиқ риоя этилиши таъминланади. Сайлов ҳуқуқини кенг таъминлаш мақсадида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга сайлаш ҳуқуқи берилмоқда. Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига ўз номзодларини кўрсатганда депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши белгилаб қўйилганлиги эса мамлакатимизда уларга билдирилаётган ишонч, берилаётган имкониятнинг яна бир кўринишидир.
-Халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён арафасида турарканмиз албатта ана шу сайловларда юртдошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш сайловга кўрилаётган тайёргарлик, олиб борилаётган ташкилий, тарғибот тадбирларига ҳам боғлиқдир. Бу борада туманимизда қандай ишлар олиб борилмоқда?
-Туманимиз бўйича ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 113-Тошлоқ, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 3 та, шунингдек халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 30 та сайлов округлари фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 113-Тошлоқ округ сайлов комиссияси қарори билан жумладан туманимиз ҳудудида 51 та сайлов участкаси ташкилланди. Айни кунларда округ сайлов комиссиялари ва сайлов участкаларида сайловолди тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирди.
Ишонч билан айтишим мумкинки 22 декабрь куни бўладиган сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро сайлов принциплари - универсаллик, тенглик, эркинлик, қонунийлик, адолатлилик, овоз беришнинг яширинлиги, очиқлик асосида ўтишида туманимиз фуқаролари ҳам фаоллик билан иштирок этадилар.