Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 22 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ТОШЛОҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ ШУҲРАТЖОН АБДУСАЛОМОВНИНГ ТУМАНИМИЗ ТАДБИРКОРЛАРИГА МУРОЖААТИ

 2019-11-18 17:45:29    277

PDF юклаш
Чоп этиш


ТОШЛОҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ

ШУҲРАТЖОН АБДУСАЛОМОВНИНГ

ТУМАНИМИЗ ТАДБИРКОРЛАРИГА

МУРОЖААТИ

Муҳтарам юртдошлар,

Қадрли тадбиркорлар!

Барчамизга яхши маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан барча соҳалар сингари тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга ҳам давлат сиёсати даражасида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Хусусан жорий 2019 йилнинг- “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожлананиш йили” деб номланиши замирида ҳам ана шундай ислоҳотларнинг ёрқин намунасини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш учун кўплаб имтиёзларни бериш мақсадида бир қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилиниб келинмоқда. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар - келажагимиз” дастурлари ва “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”, “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

  Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади” ёки “Иккита янги иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман” деган ибратли сўзлари бугунги кунда ишбилармон доира вакилларини янада руҳлантириб, уларнинг сафи кенгайиши билан бир қаторда, эртанги кунга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.

Тадбиркорлик йўналишида вилоят ҳокими томонидан юксак мукофотлар билан тақдирланган “Ста-плас”МЧЖ ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари - Собиров Султонбой, “Элемент кристал” хусусий корхонаси раҳбари Собиров Жасуржон, “Мерфен-ко” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси раҳбари Собиров Ҳасанбой, Марташ спец одежда МЧЖ раҳбари Қўзибоев Аҳмаджон, Уз Авто Тойс хусусий корхонаси раҳбари Зокиров Собиржон, шунингдек бугунги кунда фаоллик кўрсатаётган “Агро импекс валлей” МЧЖ раҳбари  Ботиров Фарходжон, “Прайм Статус” МЧЖ раҳбари Холматов Шохруҳбек, “Сарвиноз Машҳура шод дил” МЧЖ раҳбари  Тиллаволдиева Сарвиноз, “Дил файз Пласт” МЧЖ раҳбари Юлдашев Дилшоджон каби тадбиркорларнинг фаолияти ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг сифати нафақат туманимизда, қолаверса қўшни вилоят ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида ҳам ўз ўрни ва мавқеига эгадир.  

Туманда асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларнинг 2019 йилнинг ўтган даврида  бажарилиши таҳлил этилганда 2018 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш сурати саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда - 107, халқ истеъмол молларида -105,6,  қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида – 106,4, асосий капиталга инвестицияларда  - 108,7, қурилиш ишларида – 110,7, чакана товар айланмасида – 102,8, ва бозор хизматларида – 102,1 фоизни ташкил этди.

Туманимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар билан бир қаторда хизмат кўрсатувчи корхоналар, фермер хўжаликлари, юридик ва жисмоний шахслар ҳам туманимизнинг бюджет даромадлари режасининг бажарилишида салмоқли ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Рақамларга эътибор берсак туманимизда 2019 йил учун бюджет даромадлари прогноз режалари - 
170 172,2 млн. сўм этиб белгиланган. Жорий йилнинг 10 ойи учун эса 135 130,0 млн. сўм бюджет даромадлар режаси белгиланган бўлиб, амалда
137 758,2 млн. сўм маблағлар ундирилган, белгиланган режага нисбатан 109,0 фоизга ошириб бажарилган. Бундан кўриниб турибдики, бугунги кунда намунали ва интизомли солиқ тўловчилар сони кундан-кунга ортиб бормоқда, тумандаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида
75 963,0 млн. сўм солиқ тўловлари ўз вақтида амалга оширилган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида, “Обиджон”, “Оқ-чашма”, “Тошлоқ Юсуф Амин”, “Сотволди бобо” фермер хўжаликларида чорвачилик йўналишлари йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда нафақат туманимиз, балки вилоятимиз бозорларига сут ва сут маҳсулотларини, “Асилбек  Феруз Шаҳриёр файз” ва “Тоғаев Муҳаммад Бобур” фермер хўжаликлари эса паррандачилик йўналишида фаолият олиб боришиб туманимиз аҳолисига тухум ва парранда гўштини, “Тошлоқ уммони”, “Аср юлдуз шамс”, “Сотволди бобо”, “Назиржон Адхамжон кўрки” фермер хўжаликлари эса балиқ маҳсулотларини етказиб бермоқдалар.

Бу борада, Муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, “Тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш ислоҳотларимизнинг натижадорлигини таъминлашда асосий омил бўлиши зарур ва шарт”.

Мазкур соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2019 йилда Халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан чорвачилик йўналишида  манзилли дастур лойиҳалари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.

Мазкур дастурга асосан “Оқ чашма”, “Баҳор”, “Луқмонов наслли чорваси” фермер хўжаликларига туман Халқ банки томонидан 325,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, Германия давлатидан 165 бош наслли қорамоллар келтирилди. Шунингдек, 4 та фермер хўжаликларига 933,0 минг АҚШ доллари кредит маблағлари ажратилиши натижасида 298 бош наслли қорамоллар олиб келиниши режалаштирилган.

Албатта, Сиз тадбиркорлар билан ҳамкорликда бу борадаги қилинаётган ишларимиз салмоғини янада оширишимиз, бозорларимиз расталарини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитишимиз лозим.

Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, кейинги йилларда хорижий инвесторлар учун ҳам туманимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бунинг натижасида хорижий инвесторларни туманимизга жалб этиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Туманимизда жорий йилда 37 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, жами инвестиция лойиҳа қиймати – 302 911,0 млн. сўмни ташкил этади, шундан ўз маблағи ҳисобидан – 141 260,0 млн. сўмни, банк кредити ҳисобидан – 5 860,0 млн. сўмни, хорижий кредит линиялари ҳисобидан–6 732,0 минг АҚШ доллари, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан – 12 000,0 АҚШ долларини ташкил этади, бунинг натижасида 588 нафар янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даври мабойнида, мазкур ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларидан - 21 таси ишга туширилган бўлиб, жами инвестиция лойиҳа қиймати – 87  487,0 млн. сўмни ташкил этган, шундан ўз маблағи ҳисобидан - 59 330,0 млн. сўмни, банк кредити ҳисобидан - 6 111,0 млн. сўмни, хорижий кредит линияси ҳисобидан – 3361 минг АҚШ доллари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан  300,0 минг АҚШ долларини ташкил этади, бунинг натижасида 183 нафар янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Биргина рақам келтирмоқчиман, жорий йилнинг ўтган даврида туман иқтисодиётига 9,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Бугунги кунда туманда ўз фаолиятларини амалга ошириб келаётган Хорижий корхоналар сони -12 тани ташкил этиб, шундан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони- 8 тани ва қўшма корхоналар сони - 4 тани ташкил этмоқда. Йил якунига қадар уларнинг сонини - 15 тага етказиш бўйича амалий ишларни ташкил қилмоқдамиз. Сиз азиз тадбиркорларга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз ана шу қўшма корхоналарнинг муассисларидан бири бўлиш имкониятингиз бор. Муҳтарам Президентимизнинг “Аҳоли турмуш даражасини оширишнинг энг мухим йўли бу - тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришдир” деган сўзлари  ҳар бирингизга қўш-қанот бўлсин.

2019 йилнинг ўтган даври мабойнида Тошлоқ туманига Хитой, Корея, Россия, Туркия, Германия, Эрон каби кўплаб ривожланган давлатлардан сармоядорлар маҳаллий ҳамкорларни излаб ташриф буюришмоқда, шу сабабли ўз  лойиҳаларингиз ва “Бизнес режа”ларингиз билан, Сизларни ҳамкорликка чақириб қоламан.   

Тадбиркорлик фақат саноат корхоналари билангина белгиланмайди. Жорий йилдан бошлаб, туманимиз пахта етиштиришда 100 фоиз кластер усулига ўтди. Илгарилари пахта хом-ашёси экспорти устувор йўналиш бўлган бўлса, эндиликда уни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. Бу эса тўқимачиликдан ташқари озиқ-овқат, қурилиш материаллари, ҳатто фармацевтика саноатини ташкил этиш имконини беради. Мен туманимиз тадбиркорларидан ташкил этилган ва этилаётган кластерлар билан шу соҳаларда ҳамкорлик қилиш борасида ташаббус кўрсатишларини илтимос қиламан.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2014 йил 31 декабрь кунги “Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги 378-сонли қарорига асосан Тошлоқ туманида ишлаб чиқариш соҳасида аҳоли бандлигини ошириш, янги рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни, уларни муҳандислик коммуникациялари ўтказилган ва зарур инфратузилмага эга бўлган алоҳида ҳудудларда жамлаш йўли билан ташкил этиш учун инвестициялар ва технологияларни жалб этиш, бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш  мақсадида Гузарбоши маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, умумий ер майдони - 6,7 гектар, шундан ишлаб чиқариш майдони - 0,9 гектар ташкил этган бўш турган ер майдонида ҳамда Терактаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, умумий ер майдони - 9,0 гектар бўш ер майдонларида “Кичик саноат зоналари”ни  ташкил этиш бўйича бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилди ва туман ҳокимлиги заҳирасига олиниб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига “Кичик саноат зонаси” ташкил этиш бўйича таклифлар берилди.

Қадрли юртдошлар,

Азиз ишбилармонлар!

Агарда рақамлар замирига эътибор қаратадиган бўлсак, амалга ошириладиган ушбу ислоҳотларда тошлоқлик юртдошларимизнинг орзу-умидлари, фаровон турмуши, озод ва обод Ватан тақдири ва тимсоли гавдаланади. Янги давр, янги замон бизга ҳар бир жабҳада ана шундай мисли кўрилмаган имкониятларни бермоқда.
      Бунинг учун қарийб 200 мингдан зиёд тошлоқлик меҳнаткаш ва олийжаноб халқимиз билан қўлни-қўлга бериб, муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ислоҳотларда даҳлдорлик ҳисси билан ҳар бир масалани, ҳар бир муаммони “Халқ билан мулоқот” тамойили асосида ҳал этишга бор билим ва салоҳиятимиз, куч-ғайратимиз, ташаббус ва шижоатимизни сафарбар этган ҳолда юксак марраларга эришамиз деган умидаман.

  Вилоят ҳокими Шуҳратжон Ғаниевнинг вилоят тадбиркорларига Мурожаатида туманимиз алоҳида тилга олиниб, Тошлоқда енгил саноатни чуқурлаштириш, пластмасса буюмлар ишлаб чиқаришда янги, замонавий кичик технологияларига асосланган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш кераклигига эътибор қаратилди. Бу борада, Сиз азиз тадбиркорлар билан биргаликда янги лойиҳаларни имзолашга биз тайёрмиз.

Юртбошимиз томонидан қабул қилинган  “Ҳар бир оила тадбиркор” ва “Ёшлар-келажагимиз”Давлат дастурлари доирасида, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида  аҳоли хонадонларида тадбиркорликни ташкил этиш мақсадида тумандаги 938 нафар фуқароларга 14 433,0 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида тикувчилик, чорвачилик, дўпидўзлик, кигизчилик, ёғочсозлик, паррандачилик, иссиқхоналар ташкил этиш каби соҳаларга ихтисослашган ўнлаб оилалар шаклланди. Бугунги кунда “Устоз-шогирд” анъаналарини давом этирган холда минглаб ёш йигит-қизларимиз  ҳунармандчиликни сир-асрорларини  ўрганмоқдалар. Ўзингиз айтинг, бу каби қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар дунёнинг қайси давлатида бор? Берилган шарт-шароитлар ва имкониятлар натижасида туманимизда ишбилармонлик мухитини яратишимиз лозим.

Азиз тошлоқликлар!

Юқорида таъкидлаганимдек, туманимиздаги барча бошқарув идоралари масъуллари, Сиз азизларнинг энг яқин кўмакдошингиз ва ёрдамчингиз бўламиз деб кафолат бераман. Сизларнинг тадбиркорлик фаолиятингизни янада ривожлантириш, кучайтириш ва кенгайтириш борасида биз ҳам  бор куч, билим ва тажрибамизни сарф этамиз. Сизнинг фаолиятингизни ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, янги ишчи ўринлар яратиш борасидаги ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаш учун тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг кичик бизнес соҳасини ривожлантириш борасидаги иш услуби тубдан ўзгартирилмоқда.

Бундан буён ҳоким ва унинг биринчи ўринбосари 70 фоиз иш вақтини тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга сарфлайди, ҳафтанинг душанба, сешанба ва чоршанба кунлари фақатгина тадбиркорлик масалалари билан шуғулланади.  

Ўтган давр мабойнида, 4 та сектор раҳбарлари,  ташкилот ва корхона раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида ҳамда Бош Вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш туман қабулхонасига 50 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 25 та сайёр қабулларда ва тўғридан-тўғри 25 та мурожаатларни ташкил этади. Ушбу мурожаатлар амалдаги тартибга мувофиқ, барчаси туман даражасида ҳал этиладиган мурожаатларни ташкил этган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туманимизда узоқ муддатдан буён фаолият юритмаётган юридик шахслар сони - 431 тани хамда фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар сони - 370 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 1 ноябрь куни ҳолатига - 425 та юридик шахсларнинг фаолиятлари қайта тикланди, қолган 6 тасининг фаолиятларини тиклаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, 215 нафар якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятлари қайта тикланди, қолган  155 нафарини эса фаолияти амалдаги тартибга мувофиқ тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Тадбиркорлар дуч келадиган муаммолардан бири уларга ер-мулк ажратиш билан боғлиқ. Муаммо ечими йўлида қўйилган дастлабки қадамлардан бири шуки, туманимизда бўш ер участкалари электрон аукцион савдога чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мабойнида 5,6 гектар 11 та бўш ер участкалари ҳамда 25 та 1,36 гектар Давлат мулк объектлари “E-Ijro auksion” электрон аукцион савдога жойлаштирилди.

Келаётган 2020 йилга режаларимиз янада катта. Тошлоқ туманини жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, шахсан мендан тортиб, барча сектор раҳбарлари, хизмат кўрсатувчи идоралар, хатто жамоат ташкилотлари ҳам тадбиркорга хизмат қиладилар.

Баримиз бир бўлсак, кўзлаган мақсадимизга етиб, янги Тошлоқни нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам юқори марраларни забт этишига ишонаман.


Тадбиркорларнинг мурожаатлари учун телефонлар:

Тошлоқ тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари:

Шуҳратжон Абдусаломов +998 90 550-34-21

Туман прокурори, 2-сектор раҳбари:

Аҳроржон Худойберганов +998 97 755-47-51

Туман ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари:

Дилмуроджон Мадаюпов +998 91 192-69-14

Туман ДСИ бошлиғи, 4-сектор раҳбари:

Шаробиддин Абдуллаев +998 91 659-17-86

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари:

Баҳромжон Султанов +998 91 123-17-78

Туман ҳокимининг ўринбосари:

Иқболжон Ўлмасов +998 90 580-22-22