Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ДЕМОКРАТИК ПРИНЦИПЛАР УСТУВОРЛИГИ
2019-12-03 19:04:47 308
Яқинда қабул қилинган Сайлов кодексига биноан бўлиб ўтадиган сайловларда эндиликда ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчиларнинг иштирок этишига ҳам рухсат берилди. Парламент қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловларда қуйи бошқарув органлари вакилларининг кузатувчи сифатида иштирок этиши сайловларнинг очиқ ва ошкора, демократик принципларга мос равишда ўтишида муҳим аҳамиятга эга.
Марказий сайлов комиссиясининг “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ маҳаллий кузатувчиларга ҳам халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар кузатувчилари билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланди. Кузатувнинг мақсади сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирлар, шу жумладан сайлов куни овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида сайлов қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдан иборатдир.
Сайлов комиссиялари кузатувчи мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олинганидан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан йиғин раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосари, маслаҳатчиси, шунингдек фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахслари кузатувчи бўлишлари мумкин. Кузатувчининг ваколат муддати унга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.
А. Каримов,
туман адлия бўлими бошлиғи.