Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЭҲТИЁТКОРЛИК – САЛОМАТЛИК ГАРОВИДИР!
2019-12-26 17:22:26 281
Қиш мавсуми бошланиши муносабати билан ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Бу эса аҳоли турар жой мавзелари, кўп қаватли уйлар, маҳалла ва қишлоқларда кўпчиликнинг иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёжини оширади. Айниқса табиий газ билан иситиладиган иншоот ва хонадонларда айрим фуқаролар бу иссиқлик манбасидан ҳуда беҳуда фойдаланиб, ўз соғликларини хавф остига қўяётганини билмайдилар. Хўш, табиий ва ис газининг таркиби ҳақида билас изми, бу саломатлик учун қанчалик даражада зарар етказишини-чи?
Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавфлироқ бўлгани бу табиий газ ҳисобланади. Табиий газдан фойдаланганимизда гўёки у тўлиқ ёнаётгандек тасаввур уйғотади. Аслида у тўлиқ ёнмаслиги натижасида ис гази ажралиб, хона ичидаги кислород миқдори камаяди. Ис гази истеъмолчилар фойдаланаётган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган бирикмадир. У юқори нафас йўллари ва аъзоларига кучли таъсир қилиб, нафас йўллари орқали бутун организмни, хусусан марказий асаб тизимини зарарлайди. Бу кимёвий бирикмадан қатор органик моддалар синтез қилинувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, эшик, ром, поли янги бўялган, шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек уй шароитида табиий газ ёниб турганда, печка билан иситиладиган уйда ва иситиш печининг шувоғи ёрилганда, дудбурони носоз бўлганда ис гази хонага тўпланиб, одам организмининг заҳарланишига олиб келади.
Иситиш печи дудбурони носозлигида, унинг йўли турли хил чиқиндилар билан тўсилиб қолганда, иситиш печи девор шувоқлари бузилганда бундай иситиш печидан фойдаланманг!
“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмушда газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари”га асосан кўп қаватли уйларда газ плитадан хонани иситиш учун фойдаланиш тақиқланганлиги бежиз эмас. Бунинг сабабларидан бири табиий газнинг ёнишида хонадаги кислород ҳажмининг камайишига, бунинг оқибатида табиий газ чала ёниб, ис газининг ажралишига олиб келади.
Айримлар газ плитасини ёқиб қаровсиз қолдиради, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин. Натижада кишилар турли хил тан жароҳатлари олиб ёки ҳаётдан кўз юмишгача борадилар.
Ис газидан заҳарланиш жараёни содир бўлса биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор қаратиш керак? Беморни зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Агар у юзаки нафас олаётган ёки нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олиши учун шарт-шароит яратилади. Агар бемор ҳушида бўлса, танасининг юқори қисмидаги кийимларидан бўшатилади, иссиқ чой ёки қаҳва ичирилади.
Табиий ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ нохуш вазиятлар юз берса:
- заҳарланган кишига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
- “103” телефон рақами орқали “Тез тиббий ёрдам”га хабар бериш;
- “104” телефон рақами орқали газ таъминоти идораси навбатчи ходимига қўнғироқ қилиш;
-фавқулодда вазиятлар бошқармасининг авария-қутқарув хизматига мурожаат қилишни ёдда тутиш муҳим.
“Ҳудудгаз Фарғона” МЧЖ Тошлоқ туман филиали, Саноат хавфсизлиги Давлат қўмитаси Фарғона Ҳудудий бошқармаси маъмуриятлари.