Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЁШЛАР ТАШАББУСИ: БЕШАРИҚДА ТУТ ПЛАНТАЦИЯСИ ЯРАТИЛМОҚДА
2020-01-13 09:39:47 309
Яқинда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Бешариқ тумани ёшлари билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, уларнинг ўнлаб ташаббусларини қўллаб-қувватлаган эди.
Учрашувда бешариқлик йигит-қизлар туманнинг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган адирликларда янги тут плантацияси яратиш ташаббусини ҳам илгари суришди. Вилоят раҳбари мамнуният билан маъқуллаган ташаббус ижроси ўзини узоқ куттирмади ва ўтган қисқа вақт ичида туман ёшлари ғайрат-шижоат билан ишга киришдилар.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бешариқ туман бўлими раҳбари Баркамол Абдусаидовнинг қайд этишича, баркамол авлод вакиллари Файзли Адиробод массивида 2,5 минг гектар ерда тут плантацияси барпо этишни режалаштиришмоқда. Айни пайтда бал бонитети паст, шамол эррозиясига учраган 72 гектар қуриган мевали боғ, 705 гектар яйловлар ҳамда 1073 гектар туман захирасига олинган бўш майдонларда ишга киришилди.
Бу борада Бешариқ туман ҳокимлигида ишчи гуруҳи тузилиб, керакли техника воситалари ва мутахассислар жалб этилди. Янги тут плантацияси ташкил этиш учун 13 миллиард сўм маблағ зарур бўлиши ҳисоб-китоб қилинди ва ушбу маблағ манбаси шакллантирилди. Шунингдек, сув таъминотини йўлга қўйиш мақсадида 23 та сув қудуқларига буюртма берилиб, бунинг учун 5 миллиард 60 миллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.
- Вилоят ҳокими ташаббусимизни рўёбга чиқариш учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга бош-қош бўлаётгани кучимизга куч қўшмоқда,-дейди туманнинг фаол ёшлари Муроджон Облоқулов ва Нозимжон Турсунов. – Ҳозирги кунда юзлаб тенгдошларимиз елкама-елка туриб, ер текислаш, техника билан ҳайдаш ва тут ниҳолларини экишга тайёрлаш ишларига киришдилар.
“Бешариқ ипаги” пиллачилик кластери раҳбари Мақсуджон Қосимовнинг маълум қилишича, дастлабки кунларнинг ўзида 200 гектар ерга етадиган 700 минг туп тут кўчатлари экишга тайёрлаб қўйилди. Шу кунларда вилоятимиздаги кўчатчилик соҳасига ихтисослашган хўжалик субъектлари билан тут кўчатлари сотиб олиш борасида ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда кластер корхонаси мутахассислари пиллачилик тармоғида янги иш ўринлари яратиш билан бирга ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш орқали гиламчилик, адрас ва атлас тўқиш фаолиятини ҳам ривожлантириш бўйича истиқболли бизнес-режа тайёрламоқдалар.
Ишонамизки, Бешариқ тумани ёшлари ташаббуси билан бошланган эзгу саъй-ҳаракат яқин йилларда ўз самарасини бериб, мазкур адирлар боғу бўстонга айланади.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати