Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 25 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ҲАРБИЙЛАР — ЮРТИМИЗ ФАХРИ, ҒУРУРИ

 2020-01-14 17:23:20    307

PDF юклаш
Чоп этиш


Мустақилик йилларида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, тинч-тотув ҳаётимиздир. Ана шу осойишта ва барқарор ҳаётимизнинг янада мустаҳкам бўлиши ҳар жиҳатдан миллий армиямиз ва унда хизмат қилиб келаётган мард ва жасур ўғлонларимизга боғлиқ, албатта.

Ўтган йиллар мобайнида айниқса кейинги уч йилда юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига мос Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва худудий яхлитлигининг кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ушбу соҳада дунёнинг  илғор мамлакатлари қаторидамиз десак муболаға бўлмайди.

Бугун йигитларимиз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш нафақат фахрли бурч балки шон-шараф ҳамдир. Ҳозир ўғил фарзанд вояга етказаётган ота-оналарнинг аксарияти фарзандлари вақти келиб Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилишини ният қилишмоқда. Бу албатта юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигига ҳар бир фуқаро бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ бугунги кунда биз муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек “Мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай иккиланиш ва шубҳа бўлмаслиги лозим. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли.” 

Дарҳақиқат бу борада олиб борилаётган ишларни туманимиз миқёсида кўрадиган бўлсак ҳам сўнгги йилларда соҳани ривожи учун кўплаб ишлар амалга оширилди. Ҳусусан, бизнинг туман мудофаа ишлари бўлимимизда чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш бўйича барча шароит ва имкониятлар яратиб берилди. Махсус ўқув хоналари, тиббий кўрик заллари, кутибхона ва ошхона замон талабига жавоб бера оладиган тарзга келтирилди.

Ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол йигитларни саралашга катта эътибор қаратилиб бу борада бўлимимизнинг кўп йиллик тажрибага эга ходимларидан Илҳомжон Маҳмудов, Алишер Ўлмасов, Миркомилжон Тўхтасинов ҳамда Ўткирбек Мусаевларнинг ҳиссаларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Соҳада эркаклар билан елкама елка ишлаб келаётган аёлларимиз ҳам борлиги биз учун катта шарафдир. Улардан Ҳумоюн Қурбонова, Альбина Қурбоналиева,  Дилнура Мараҳимовалар ўзларига берилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, ишончимизни оқлаб келишяпти.

Айни кунларда юртимиз бўйлаб Ватанпарварлик ойлиги ўтказилиб, ойлик доирасида касб-ҳунар коллежлари,  умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда турли учрашув ҳамда суҳбатлар ўтказилаётир. Учрашувларга ҳарбий қисм офицер ва сержантлари таклиф этилиб, ёшлар билан соҳага доир қизиқарли суҳбатлар ўтказиляпти. Ана шундай тадбирларимизда бизга катта кўмак бериб келаётган ҳарбий қисм сержантлари Ж. Ҳакимов, А. Бозоров, И. Мадалиев, М. Жалоловлар, батальон офицерлари А. Қўчқоров, С. Қулмуродов, А. Азимовлар билан бўлган суҳбатлар айниқса ёшларимизда катта таассурот уйғотди. Келажакда ҳарбий бўлишни истаган ўқувчилар учун бундай учрашувлар айни муддао бўлаётир.

Туманимиз ҳарбий соҳага ёшларни етказиб беришда республикамизда ўз ўрнига эга. Ўтган йили икки нафар ўқувчи найманбўстонлик Абдураззоқ Эргашев, қумариқлик Раҳматжон Қурбоновлар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси, Янгийўл маҳалласидан Сардор Тоштонов, саддалик Ҳумоюнмирзо Ураимжоновлар Чирчиқ Олий танк қўмондонлик билим юрти, Турват маҳалласидан Хуршид Неъматжонов Жиззах Олий  авиация билим юртига ҳамда икки ўғлонимиз –  Саддадан Муҳаммадрўзи Абдураҳмонов ва Сўкчилик маҳалласилик Муҳаммадюсуф Умаровлар Фарғонадаги Темурбеклар мактабига ўқишга кирдилар. Бу каби натижалардан қувонмай бўладими?

Соҳа ҳодимларига қаратилаётган юксак эътибор туфайли ўтган йили ҳамкасбимиз Фарҳоджон Парпибоевга Фарғона шаҳрида қад рослаган уйлардан бирининг калити топширилди. Ҳар бир йигит кишининг оиласидан кўнгли хотиржам бўлсагина ўз вазифасини сидқидилдан бажара олади. Айниқса биз каби ҳарбий хизматчилар Ватан тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида камарбаста эканмиз, энг аввало Ватан ичра ватанимиз бўлган оилаларимиз хотиржамлигини таъминлай олишимиз жоиз.

Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 28 йиллигини нишонлаш арафасида барча юртдошларимизни, эр йигитларни, қолаверса ҳарбий хизматни адо этаётган сафдошларимизни чин юракдан муборакбод этамиз. Тинчлигимиз абадий, мустақиллигимиз боқий бўлсин.     

Ҳикматилло Джурабоев,

туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи,

подполковник.