Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“ТАНИШАМИЗ” ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИ РАҲБАРИ Т.МАМАЖОНОВ БИЛАН СУҲБАТ
2020-01-22 14:48:25 356
-Ҳурматли Турсунали ака Мамажонов, суҳбатимиз бошида шарафли касб бўлган шифокорлик ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
-Халқимизда юртимиз тинч, эл саломат бўлса бас, деган ибора юради. Бу бежиз айтилмаган. Ҳар иккиси ҳамроҳ экан хамиша бахтиёрлик, шоду хуррамлик хукм суради. Ана шуни дилдан ҳис этган туманимиз тиббиёт ходимлари халқимизнинг бебаҳо бойлиги, саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқдалар. Тиббиёт соҳаси кўп тармоқли бўлиб у шифо излаб келган беморга ташхислар қўйиш ёхуд даволаш билан чегараланиб қолмайди. Аввало, турли касалликларни олдини олиш, аҳолини санитария-гигиена, тиббий билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш, бугунги шиддатли даврда фуқароларимизни дунёнинг турли мамлакатларида қайд этилаётган хафли юқумли касалликларидан муҳофаза этиш сингари вазифалар ҳам борки бу ҳар бир тиббиёт ходимидан масъулият билан ишлашни талаб этади.
-Бугунги кунда тиббиёт бирлашмасида қандай муҳим вазифалар олиб борилмоқда?
-Фуқаролар соғлиқ-саломатлигига қаердаки катта эътибор берилиб, давлат аҳамиятидаги соҳа даражасига кўтарилгандагина ўша жойда олдинга интилиш, ривожланиш бўлади. Аввало, биз соғломлаштириш тизимида ислоҳотларни изчил амалга ошириш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида хизмат турларини янгича шакллантиришга бор кучимизни сарфлаяпмиз. Шунингдек бирлашмамизда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг касб малакаларини янада оширишни зарурият деб биляпмиз. Айни кунда меҳнат қилаётган шифокорларимизнинг 64 нафари олий, 25 нафарлари эса биринчи тоифали эканликлари ҳам бунинг натижасидир.
-Бугунги кунда туманимизда нечта тиббиёт муассасалари фаолияти йўлга қўйилган?
-Айни кунда 352 ўринга эга бўлган марказий шифохона, 6 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 3 та қишлоқ врачлик пунктлари, марказий кўп тармоқли поликлиника 201 минг 248 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
-Қайси соҳани олмайлик унда малакали ходимлар бўлиб, доимо мазкур соҳанинг ривожланиши ҳамда ёш мутахассисларга устоз вазифасида фаолият олиб бораётганлари бўлади. Туман тиббиёт бирлашмаси мисолида иқтидор ва маҳорат эгалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
-Албатта ўзининг билими ва тажрибаси, изланиши, интилувчанлиги билан аввало жамоа ҳамда эл ҳурматини қозонаётган шифокорлар тўғрисида бугун қанча гапирилса шунча оз. Бу борада ўз касбини кўп йиллардан бери шарафлаб келаётган шифокорлардан болалар бўлими мудири Б. Мирзаев, ички касалликлар бўлими шифокори С. Ҳайитова, шифокорлардан М.Акрамов, В.Ташланов, 54-қишлоқ оилавий поликлиника мудири М.Мирзаалиева, 52-қишлоқ оилавий поликлиника мудири М.Мелибоев, 57-қишлоқ оилавий поликлиника мудири Б.Фозилов, Холматобод қишлоқ врачлик пункти мудири А.Аҳмедов, Қ.Абдувалиев қишлоқ врачлик пункти мудири В.Хаитов сингари ҳамкасбларимизни кўрсатиш мумкин. Тиббиёт ходимларимиз нафақат аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилиб келишмоқда балки вилоят ва туман миқёсида ўтказилаётган турли тадбирларда фаол қатнашиб фахрли ўринларни эгаллашмоқда.
-Жорий йилда туман тиббиёт бирлашмаси муассасаларида қандай қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган?
-Жорий йилда марказий шифохонанинг шошилинч тиббий ёрдам ва жонлантириш бўлимлари реконструкция қилинса, қабул диогностика ва режали хирургия бўлимлари эса янгитдан қурилади.
-Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбариятининг қабул кунлари ва ишонч телефонлари ҳақида ҳам таништириб ўтсангиз.
-Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарларининг қабул кунлари аҳолининг таклиф ва истакларидан келиб чиқиб ҳар куни ташкил этилмоқда. Шунингдек 73 238-04-29 рақамли ишонч телефонимиз доимий ишламоқда.
-Албатта тиббиёт соҳасида тез тиббий ёрдам бўлимининг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Бизнинг тез тиббий ёрдам бўлимимиз фаолияти қай даражада?
-Туманимизда жами 15 та тез тиббий ёрдам автоуловлари бўлиб, бу стандарт нормативга мос келади. Тез тиббий ёрдам маркази ва 11 та тез тиббий ёрдам шаҳобчалари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Фуқароларга тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида қишлоқ оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари қошида тез тиббий ёрдам шаҳобчалари ташкил этилган. Дори-дармон билан тўлиқ таъминланиб, ҳар бир чақирув учун 4 минг 750 сўмлик дори-дармон ишлатилмоқда. Махсус тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида реанимобиль жамоа ташкил этилиб, керакли жонлантириш жиҳозлари билан таъминланган.
-Битирувчиларни ишга жалб этиш бўйича, шунингдек ёшларни тиббиёт соҳасига бўлган қизиқишларини янада ошириш, шифокорлик касбини танлашлари учун туман тиббиёт бирлашмаси томонидан қандай ишлар олиб борилмоқда?
-Ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларининг тиббиёт соҳасига бўлган қизиқишлари мақтовга арзигулик. Буни биз жойларда ёш авлод билан бўлаётган учрашувларда ҳис қилмоқдамиз. Шунингдек 2019 йилда туманимиздан тиббиёт олийгоҳларига қабул қилинган ёшларнинг сони 22 нафарни ташкил қилганлиги ҳам гапимизнинг исботидир.
-Турсунали ака, Сизга мазмунли суҳбат учун миннатдорчилигимни билдираман. Уйлайманки, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати ва туман тиббиёт бирлашмасининг ўзаро ҳамкорлиги бардавом бўлади. Масъулиятли ва шарафли фаолиятингизга эса мувафаққиятлар тилаб қоламан. Эътиборингиз учун раҳмат!
Фурқатжон Қодиров суҳбатлашди.