Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ОИЛА ТИНЧ БЎЛСА, ВАТАН ТИНЧ БЎЛАДИ
2020-01-30 18:57:39 228
Мажбурий ижро бюроси туман бўлимининг жорий йил 15 январь кунги ёзишмасига асосан 16 январь куни туман ҳокимининг “Туманда оилавий ажримларни олдини олиш тўғрисида”ги 66-сонли қарори қабул қилинганлиги, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида оилалардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, яраштириш, ажрашишларни олдини олиш ва камайтиришга қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш учун доимий фаолият олиб борувчи Ишчи гуруҳи шакллантирилганлиги ҳақида аввал ҳам ҳабар берган эдик.
Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўтган ҳафтада ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда қарор ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан талаб ва таклифлари ўрганиб чиқилиб, йиллик режа тасдиқланган. Мазкур режага мувофиқ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни муносабати билан 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида “Оила тинч бўлса, Ватан тинч бўлади” шиори остида маънавий-маърифий ва маданий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга барча ишчи гуруҳ аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари, яраштириш комиссияси аъзолари, тумандаги имом-хатиблар ва отинойилар жалб қилинди.
Тадбирда туман мажбурий ижро бюроси томонидан таклиф қилинган 48 нафар алимент тўловчилар, 15 нафар алимент олувчилар, шунингдек туман Хотин-қизлар қўмитаси томонидан таклиф қилинган 20 та номуроса ва низоли оилаларнинг иштироки таъминланди.
Тадбирни туман “Оила” маркази раҳбари М.Қорабоева олиб бориб оила азалдан жамиятимизда муқаддас даргоҳ ҳисобланиши, уни асраб-авайлаш ҳар бир оила аъзосининг, айниқса эр ва хотиннинг асосий вазифаси эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Нотиқ томонидан тадбир давомида айтилган шеърий байтлар, ҳадислар ва воқеалар иштирокчилар томонидан юксак баҳоланди.
Шунингдек, туман прокурори А.Худойберганов, туман ИИБ бошлиғи Д.Мадаюпов, туман “Нуроний” жамғармаси раиси Ў.Каримов, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими раҳбари Ш.Мирзаматовлар ҳам оила ҳақида, унда ота-онанинг ўрни, эр ва хотин муносабатлари, фарзандлар тарбияси ҳақида ўз тушунчаларини бериб ўтдилар.
Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган 6 та ажрашиш ёқасига келган оилаларнинг 3 таси тадбир давомида кенг жамоатчилик иштирокида яраштирилган бўлса, 3 тасига ярашишлари ва ўртадаги муносабатларини тиклашлари учун бир ҳафта муддат берилди. Шунингдек 3 нафар алимент пулларини мунтазам тўламай келаётган қарздор фуқароларнинг ишлари ҳам туман маъмурий суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, бир нафарларига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди, икки нафарларининг мурожаатига ҳамда инсонийлик тамойили асосида бир ҳафталик муддат берилди.
Тадбирнинг энг эсда қоларли ва таъсирли қисми 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби “Ёш актёрлар” жамоаси томонидан тайёрланган саҳна кўриниши бўлди. Иштирокчиларнинг кўпчилиги саҳна кўриниши орқали ўз ҳаёт йўлларини ўзгартиришга оилаларни асраб-авайлашга хулоса қилганликларини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир сўнгида туман ҳокимлиги ва туман Мажбурий ижро бюроси томонидан ташкилотчиларга, туман “Оила” маркази раҳбари М.Қорабоевага ҳамда 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг “Ёш актёрлар” жамоасига алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.