Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 22 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


ИНСОН ҚАДРИ АЗИЗ

×

 2020-02-04 18:39:36    263

PDF юклаш
Чоп этиш


Туман ҳокими Шуҳрат Абдусаломов Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг туман бўлимида ҳафта сешанба куни фуқароларни қабул қилмоқда. Бунинг натижасида кўплаб фуқароларнинг йиллар давомида ечимини топмаётган муаммолари бартараф этилмоқда. Ана шундай қабул кунларининг бирида Марғилон шаҳри Хўжа порсо маҳалласилик 88 ёшли Пўлатжон ота Раҳимов ҳам иштирок этди. Аввалига Пўлатжон Раҳимовнинг отаси Раҳимзоданинг номини абадийлаштириш мақсадида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати барчамизни таажжублантирди. Туманимиз ҳокимига отаси ҳақида биринма-кетин берган маълумотлари раҳбаримизни ҳам қизиқтириб қолди. Ва бу вазифани(одатда ҳар бир мурожаат тегишли корхона ёки ташкилот раҳбарига муддати белгиланган ҳолда муаммони бартараф этиш вазифаси топширилади) бажариш менга тушди. Шунда сўнг Пўлатжон ота билан бирга ишладик.   

Ўрганишлар натижасида кўплаб маълумотлар, суратлар тўпладик. Асли исми Муҳаммадамин бўлган Пўлат тоғанинг отаси 1902 йилда Марғилонда туғилган. Ёшлигидан адабиётга, тиббиёт соҳасига қизиқиши бошқача бўлган. Меҳнат фаолиятини “Марғилон ҳақиқати” газетасида мухбир вазифасида ишлаш билан бошлаган. Айнан ўша пайтларда Раҳимзода таҳаллуси билан элга танилади. Бу орада Бухородаги мадрасада таҳсил олади, республикадаги машҳур бўлган “Қизил Ўзбекистон” газетасида ҳам ишлайди. Бу ерда ўша даврнинг кўплаб адабиётшунос олимлари билан танишади. Оила қуриб икки нафар ўғил фарзандли бўлади.

Садриддин Айний ва Ғофур Ғулом билан яқин дўст тутинади. Улар ёрдамида Самарқанд шаҳрига кўчиб бориб, 1933 йилда Самарқанд медицина институтига ўқишга киради. 1936 йили ўқишни тамомлагач, она шаҳри Марғилонга қайтиб келади. Шифокорлик касбини танласа-да, ижод қилишдан ҳам тўхтамайди. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан доимо дўстона муносабатда бўлганлиги, борди-келди қилганлиги, шаҳар ҳаётига оид кўплаб мақолалар ёзганлиги бунга яққол мисолдир.

У даврларда бу касб эгалари жуда кам, айниқса қишлоқ жойларда умуман шифокорни топиб бўлмас эди. Ўз касбига содиқ бўлган Раҳимзода 1936-1941 йилларда Тошлоқ тиббиёт бирлашмасига қарашли Қоратепа қишлоғидаги шифохонада ишлайди. Қоратепалик фаҳрийларнинг таъкидлашича, Раҳимзода қўл енгил шифокор бўлган экан. Унинг ўша қишлоққа кўчиб келгани маҳаллий аҳолига янада қулай бўлади. Чунки куннинг исталган вақтига даво излаб келган ҳар бир беморни соғайиб кетиши учун барча имконияти ва вақтини аямас эди.

Шавқатсиз кечган иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Раҳимзода ҳам у ерда шифокорлик қилиш учун йўлга отланади. Урушда ҳам кўплаб кўрсатган жасоратлари эвазига бир қатор фаҳрий унвон ва орденлар билан тақдирланади.

Мурожаат бўйича Пўлат тоғанинг уйида меҳмон бўлдик. Раҳимзоданинг оила аъзолари билан яқиндан танишдик. Пўлат тоға ип-йигирув ишлаб чиқариш комбинатида оддий ишчидан мастер катта ёрдамчиси лавозимига бўлган йўлни босиб ўтибди. Турмуш ўртоғи вафот этгач, уч нафар қизи бор аёлга уйланади. Унинг фарзандларини ҳам ўз фарзандидай кўрганлиги бу инсонни меҳр улашувчи, кўли очиқ ва саҳоватпешалигидадир. Ўн икки фарзанднинг отаси, эликка яқин набира-ю, ўттизга яқин чевараларнинг бобоси бўлган Пўлат тоға бугун уларнинг ғамхўрлигида кексалик гаштини сурмоқда.

Маҳаммадамин Ҳакимов(Раҳимзода)нинг фаолияти бўйича тўпланган маълумотлар, расмлар туман ҳокимининг топшириғига асосан тиббиёт бирлашмаси томонидан ташкил этилган “Фаҳрий шифокорлар” китобига киритилди. Ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни”да ўтказиладиган турли маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида ёдга олишдек амалий ишлар йўлга қўйилди.

Ўрганишларимиз жараёнида “Тошлоқ тонги” газетасининг 1975 йил апрель ойидаги сонида “Раҳимзода ҳиссасига навбатда турамиз” сарлавҳали мақола чоп этилганлигига гувоҳ бўлдик. Шу мақолани ҳам Сиз азизларга илиндик:

-Врач Раҳимзода Ҳакимов 1936-1941 йилларгача Октябрь қишлоқ Совети қошидаги амбулаторияда врачлик қилган, - дейди қоратепалик колхоз тузумининг ветерани Саиджон ота Азимов, - ўша йиллари врач Раҳимзода халққа катта хизмат кўрсатган. У Самарқанд медицина институтини битириб, илк бор ишлаётган врачлардан бири эди.

Улуғ Ватан уруши бошланган йилнинг июль ойида Раҳимзода Ҳакимов кўнгилли бўлиб фронтга жўнайди. У Брянск остоналаридаги жангларда иштирок этиб, фронтда ярадор бўлган совет жангчилари ҳаётини сақлаб қолишда врачлик касбини улуғлаган. Уруш қизғин давом этаётган жангу-жадал йилларда ёзган хатида қуйидагиларни таъкидлаган:

...Ўғилларим, қариндошлар, ёру-биродарлар, душман билан урушда йигитларимиз қаҳрамонлик кўрсатяптилар, ғалаба биз томонда. Бунга ишонаверинглар...

Ҳа, бу гапларни Раҳимзода Ҳакимов охирги марта ёзишга улугурган экан.

Қортепа участка шифохонаси коллективи ҳамқишлоқ номини абадийлаштириш мақсадида уни ўз коллективлари сафига қўшди ва унинг ҳиссасига бир сменадан бепул навбатда туриш ташаббусини бошладилар.

Қоратепалик шифокорлар ташаббусини район медицина бирлашмаси маъмурияти, партия, касаба саюз ва  комсомол ташкилотлари қўллаб-қувватлади. Район медицина бирлашмаси ва участка шифохоналарида бу ташаббус ишлаб чиқилди. Районда хизмат қилаётган врачлар ва ўрта медицина ходимлари Раҳимзода Ҳакимов ҳиссаси учун бир сменадан бепул навбатда туриб беришга сўз бердилар.

Фурқатжон ҚОДИРОВ,

туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.