Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 28 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


Мулоҳаза учун мавзу

 2020-02-06 18:08:50    255

PDF юклаш
Чоп этиш


ТАРБИЯДА ЭЪТИБОРСИЗЛИК БЎЛМАСИН!

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”,  деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Чунки ҳар қандай мавжудот энг аввало, ўзининг қадрдон гўшасидаги муҳит таъсирида улғаяди. Шу маънода фарзандларимизнинг онг-тафаккури, дунёқараши ҳам аввало, оиладаги муҳит, муомала, муносабатдан келиб чиқиб шаклланади.  Демак оилада қандай йўл тутсак, фарзандларимизга нима ўргатсак эртага улардан шунга мос натижа кутамиз.

Оила соҳибу соҳибаси оқила, уқувли, илмли бўлса фарзандларнинг бахти. Улар ота-онасидан фақат яхши тарбия олади. Тарбияда эса фарзандларни илм олишга, газета, китоб ўқишга қизиқтириш муҳим аҳамият касб этади. Маҳалламизда бир оила бор. Ота дурадгор уста, она уйида чеварлик қилади. Улар уч қиз, икки ўғилни ҳунари, ҳалол меҳнатлари ортидан тарбиялаб вояга етказдилар. Ота-она фарзандларига кичиклигидан турли китоблар олиб берар, китоб ўқиб гапириб берган болаларини турли йўллар билан рағбатлантирардилар. Ўзлари китоб ўқимасалар-да, болаларида китобга меҳр уйғота олишди. Йиллар ўтди. Бугун фарзандларининг барчаси олий маълумотли, турли жойларда ишлашади, ҳурмат-эътиборга лойиқ инсонлар бўлишган.

Яна бир оила бор. У оилада ота тадбиркор, она нуфузли идорада ҳисобчи бўлиб ишлайди. Иккиси ҳам олий маълумотли. Уларнинг икки қиз, бир ўғли бор. Фарзандлари ёшлигидан дадаси билан юриб савдо-сотиқни, пул топишни ўрганишди. Уларнинг бирорта бадиий китоб ўқиганларини билмайман. Бугун улар ҳам ўзига тўқ, ҳурмат-эътиборли кишилар бўлиб камол топишди. Лекин, уларнинг оиласида бир-бирларига меҳр-оқибат, ҳурмат йўқ. Доимо турли муаммолар гирдобида юрадилар. Маънавиятдан йироқ бу кишилар ҳамма нарсани пул билан ўлчашади. Маҳалладошлар ҳам улар билан шунга мос муносабатда бўладилар.  

Бундан хулоса қилиб демоқчи бўлганим, оддий инсон бўламизми, бой-бадавлатми, энг аввало, фарзандларимизни одоб-ахлоқли, маънавиятли, илмли қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратайлик. Майли улар олим бўлмасин, лекин одам бўлсин. Ҳаётда “яхши одам” деган ном олсин, ота-онасига раҳмат келтирсин. Ҳаётдан мамнунлик, фарзанд ўстириб унинг камолини кўришлик бахти аслида шу эмасми?!

Тўғри, бугун ишимиз кўп, вақтимиз кам бўлиши мумкин. Лекин тарбия борасида асло эътиборсиз бўлмаслигимиз лозим. Фарзандларимизга чиройли тарбия берайлик. Зеро, эртага берган тарбиямиздан кўнглимиз тоғдай кўтарилсин, юзимиз асло ерга қарамасин.

Фурқатжон ҚОДИРОВ.