Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 36 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун

×

 2020-02-08 19:25:08    308

PDF юклаш
Чоп этиш


МИЛЛИЙ ШЕЪРИЯТИМИЗ, АДАБИЁТИМИЗ ДАҲОСИ

Дунёда шундай улуғ зотлар, шоир ва мутафаккирлар  борки уларнинг улкан қалб, теран тафаккур, беқиёс истеъдод ва маҳорат, тенгсиз жасорат билан яратилган асарлари йиллар, асрлар ўтгани сайин умумбашарият мулкига айланиб боради. Айни вақтда бу беназир мутафаккирлар ўртасида зуҳро юлдуздек яққол ажралиб турувчи шундай буюк зот борки у –миллий шеъриятимиз, адабиётимиз даҳоси Мир Алишер Навоийдир.

Мир Алишер Навоий – жаҳон миқёсидаги шахс, юксак ва самарали ижоди билан шеърият мулкининг султони мақомига кўтарилган бебаҳо истеъдод эгаси. У инсон қалбининг шодлигу қувончи, ғам-ғуссаларини, ҳаёт ва эзгулик фалсафасини тараннум этган буюк сўз санъаткоридир.

Жаҳон тилшунос олимлари томонидан дунёдаги буюк шоир ва ёзувчилар орасида энг кўп сўз бойлигига эга бўлган ижодкорни аниқлаш учун тадқиқот ўтказилган. Унинг натижасига кўра улуғ бобомиз Алишер Навоий жаҳондаги сўз бойлиги энг кўп шоир сифатида тан олинган. У ўз асарларида 26 минг 35 та сўз ишлатган экан. Бу улуғ зотнинг хотирасига Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида, Озарбойжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида муаззам ҳайкаллар ўрнатилгани буюк сиймоимиз ва халқимизга юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Алишер Навоий нафақат шеъриятда, балки ҳаёти давомида кўплаб ибратли ишларни амалга ошириб ҳам ном қозонган. Ул зот ўз маблағлари ҳисобидан йўллар, кўприклар, ҳаммомлар, карвонсаройлар, кутубхона ва мадрасалар қурдирган. Шунингдек истеъдодли шоир, мусаввир ва адабиётшуносларни ҳомийлигига олиб уларга маош тўлаб турган. Моддий бойликларини бундай эзгу ишларга сарф этган саховатли аждодимизнинг ўлмас анъаналарини бугунги юртдошларимиз муносиб давом эттирмоқдалар.

Ҳазрат Навоий бобомизнинг ибратли ҳаёти ва ижодий фаолиятининг яна бир тарихий сабоғи шуки, у соҳибқирон Амир Темур асос солган улкан салтанатнинг маънавий қудрати унинг ҳарбий қудратидан-да кучлироқ эканлигининг амалий ифодаси бўлиб майдонга чиқди. Шу тахлит Ғарбдаги айрим доиралар ўртасида шаклланган, гуёки Шарқдаги барча салтанатлар зулм ва зўравонликка асосланиши ҳақидаги сохта тасаввурларнинг қанчалик пуч эканлиги исботланди. Мана беш асрдирки жаҳон тарихини Амир Темур ва Темурийлар давлати тарихисиз тасаввур этиб бўлмаганидек, дунё маданияти, инсоният тафаккури ривожини Алишер Навоий сиймоси, унинг етти иқлимга маълум ва машҳур адабий-илмий меросисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Ўзбек халқи Алишер Навоийни ҳар куни, ҳар дақиқада эслайди. Унинг адабиётга дахлдор асарлари, уларда тараннум этилган эзгу ғоялар, юксак инсоний туйғулар миллий санъатимиз ва маданиятимиз хазинасидан чуқур жой олган. Чунки Алишер Навоий тарих синовларидан ўтган ўлмас ижоди билан бизни гўзал ва бетакрор диёримиздаги тинч-осойишта, эркин ва фаровон ҳаётни асраб-авайлаб, унинг қадрига етиб, доимо халқимиз, Ватанимизга муҳаббат ва садоқат туйғуси билан, бунёдкорлик руҳига ошно бўлиб ўзимиздан яхши ном, эзгу хотира қолдириб яшашга даъват этади.

Фурқатжон ҚОДИРОВ.