Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ИСМ – ИНСОН КЎРКИДИР
2020-02-11 18:50:51 3419
дарёлар тескари оқмайди ёхуд миллат маънавиятига боғлиқ тушунча
Руҳшуносларнинг таъкидлашича, инсон қулоғига энг ёқимли эшитилувчи сўз унинг исми экан. Бинобарин, исм – инсон кўркидир. Баъзилар эса исмни ҳаёт билан боғлиқ деб ўйлашади. Инсон келажагига таъсир этиб унинг ҳаётидаги муҳим воқеа-ҳодисалар сабабчиси дегувчилар ҳам бор, албатта. Сиз-чи, сиз нима деб ўйлайсиз?!
Қадимдан янги туғилган гўдакка исм қўйиш анъана ва расм-русум бўлиб келган. Бу эса ота-она учун фарз саналган. Халқимизнинг қадимий урф-одатларига кўра, оилада илк фарзанд туғилганда унинг исмини ота томонидан бобоси ё бувиси танлайди. Бироқ надоматларким, ёш бўла туриб ота-оналик бахтига муяссар бўлган ёшларимиз ҳеч иккиланмасдан бошқа миллатга хос бўлган исмларни қўяётганликлари кишини ўйга толдиради.
Фарзандига кинофильм қаҳрамонлари, эстрада юлдузлари, таниқли қўшиқчилар исмларини қўйиш ҳам урф бўлган. Масалан, Зиёда, Райҳон, Шаббона, Севинч, Озодбек, Асилбек, Улуғбек каби исмлари… Албатта, бунинг бирор бир ёмон томони йўқ. Лекин, қизиғи, боласининг исмини “Жумонг”, “Сосиона”, “Шарлотта”, “Ишани” қўяман деб туриб оладиганлар ҳам учраб туради.
-Бир неча йил аввал, ФҲДЁ бўлимига фарзандига туғилиш гувоҳномаси олиш учун келган М. исмли шахс ўғлига “Жумонг” исмини қўйишини айтиб барчамизни ҳайратлантирди. Бу йигитга исмлар адабиётини бериб миллийлигимизга хос бўлган номларни айтиб берган ёрдамимиз зое кетди. Уйдагиларнинг норозилигига сабаб бўлган исм туфайли, ўша фуқаро эртаси куни гувоҳномани олиб келиб, ота-онаси қўйган исмга алмаштириб кетди,-дейди биз билан суҳбатда туман ФҲДЁ бўлими мудираси Д.Қўзиева. -Айрим фуқаролар эса исм танлашда ёрдам беришимизни сўраб қолишади. Уларга исмлар ёзилган адабиётлардан берамиз. Ҳар ҳолда бундай масалада ёшларимиз оиладаги кўпни кўрган катталаримиз билан маслаҳатлашиб иш тутсалар, фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта.
Баъзи ота-оналар исм қўйиш ҳақида фарзандлари дунёга келишидан олдинроқ ўйлаб қўядилар. Бирор аждод хотираси учун, фазилатли таниш-билишларидан бирига ҳавас қилиб, болам ҳам шу инсондек бўлсин, уларнинг исмларини қўядилар. Ҳадисларда ҳам ота-она олдидаги фарзлардан бири фарзандга яхши исм қўйиш эканлиги таъкидланади.
1935 йилдан – 1990 йилларгача бўлган туғилганликни қайд этиш далолатнома ёзувларида ўзбек исмларини транскрипция, яъни русча талаффузда ёзилганлиги кўзга ташланади. Дейлик, Жўрабек – Джурабек, Ғани – Гани, Иброҳим – Ибрагим тарзида ёзилгани каби. Бу ҳолат кейинги авлодлар фамилияларини қайд этишда ўз салбий таъсирини ўзгартириб қолмасдан, исмларнинг миллий шакл хусусиятларига ҳам таъсир қилади. Бундан ташқари, исм-фамилияларнинг бу тарзда бузиб ёзилиши жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Ҳар бир инсонга исм қўйиш - уни шарафлашдир, дейилади муқаддас китобларда. Шундай экан, фарзандларимизга шундай исмлар қўяйликки, бугун янгроқ эшитилган исм вақтлар ўтиб эскирмасин ёки бола улғайганда унинг исмига тоға, хола ёҳуд буви, бобо сўзлари қўшиб айтилганда қийинчилик туғдирмасин.
Ахир, бизнинг бугунги орзуларимиз, яхши ниятларимиз фарзандларимиз келажагига ҳамоханг бўлмоғи даркор. Кунлар ўтиб ўғил-қизларимиз ўз исмлари билан фахрланиб юрсинлар.
Фурқатжон ҚОДИРОВ.