Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 29 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


СУД - АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ

 2020-02-18 19:12:18    277

PDF юклаш
Чоп этиш


Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини юксалтириш, уни чин маънода инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган соҳага айлантириш борасида жуда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Суд-ҳуқуқ соҳасининг муҳим бўғини ҳисобланган суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини Президентимиз жорий йилнинг 24 январь кунида Олий Мажлисга йўллаган мурожаатларида алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Жумладан, 2016 йилга қадар суд томонидан умуман оқлов ҳукми чиқарилмаган бир вазиятда, 2017-2019 йилларда жуда ҳам кўплаб оқлов ҳукмлари чиқарилганлиги, шахсга қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланаётганлиги, суд залининг ўзидан жуда ҳам кўплаб шахслар озод қилинганлигинини Президентимиз ўз мурожаатларида таъкидлаб ўтдилар ва энди галдаги асосий вазифа судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, ҳар бир суд биносига келган шахс мамлакатимизда адолат қарор топаётганлигига ишонч ҳосил қилишини таъминлашдан иборатлигини белгиладилар.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судининг 2019 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти туман ҳудудида қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, келгусида фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашга қаратилди.

Жумладан, 2019 йил давомида туман суди томонидан 120  нафар шахсга нисбатан 100  та жиноят ишлари кўрилиб, мазмунан ҳал қилинди.

Бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича  25 фоизга, ишлар бўйича эса 18,7 фоизга камайишига эришилди.

Жиноят оқибатида етказилган 1.035.010.449 сўм моддий зарарни қоплаган 12 нафар шахсга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 92 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан аввал шартли озод қилинган, 21 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган ёки қайта малакаланган.

Шунингдек, 2019 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 4 та жиноят иши 7 нафар шахсларга нисбатан кўрилган бўлиб, ушбу шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, 1 нафар шахс маҳалла фуқаролар йиғини кафолат хати асосида суд залида қамоқдан озод қилинган, 1 та жиноят иши  1 нафар шахсга нисбатан хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида кўриб чиқилиб, ушбу 1 нафар аёлга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган ва суд залида қамоқдан озод қилинган.

Хусусан, фуқаро З.Салохутдинова Н.Ҳошимов билан ўрталарида бўлиб ўтган шахсий муносабатлар Н.Ҳошимов оила аъзолари учун сир сақланганидан фойдаланиб, 2019 йил январь ойи бошларида Н.Ҳошимов учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни унинг оила аъзолари ва бошқаларга ошкор қилиш билан қўрқитиб, Н.Ҳошимовдан ошкор қилмаслик эвазига 500 АҚШ доллари пуларни беришни талаб қилган. Ушбу пуллардан 100.000 сўмини 2019 йил январь ойи бошларида Н.Ҳошимовдан олиб, қолган пулларни 2019 йил 16 январь куни Н.Ҳошимовдан олаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.

З.Салохутдиновага нисбатан суднинг 2019 йил 30 апрелдаги ҳукми билан хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, у суд залининг ўзидан қамоқдан озод қилинган. 

Суд томонидан кўрилган жиноят ишларини соҳа ва ҳудудлар бўйича таҳлил қилганимизда “Тошлоқ Пахта тозалаш заводи” ОАЖ, Тошлоқ туманлараро газ таъминоти участкаси, туман Маданият бўлими, туман “Ермулккадастр” давлат унитар корхонаси мансабдор, моддий жавобгар шахслари ҳамда ишчи-ходимлари томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖКнинг 167-моддаси), фирибгарлик (ЖКнинг 168-моддаси), пора бериш (ЖКнинг 211-моддаси), ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш (ЖКнинг 228-моддаси) билан боғлиқ жиноятлар, Тошлоқ тумани Фурқат, Қанжирға, Заркент, Якковут маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар томонидан гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар (ЖКнинг 276-моддаси) билан боғлиқ жиноятлар, Кўлариқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар томонидан ўғирлик (ЖКнинг 169-моддаси) билан боғлиқ жиноятлар, Қуйи Яккатут, Сўкчилик, Юқориқишлоқ, Арабмозор, Қумариқ, Хўжаариқ, Якковут, Қипчоқариқ, Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (ЖКнинг 266-моддаси) билан боғлиқ жиноятлар содир этилганлигини кузатиш мумкин.

Суд томонидан юқоридаги жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилиб чиқилганида, юқорида қайд этилган маҳалла фуқаролар йиғини раислари, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари томонидан маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ўртасида жиноятларни содир этилиши юзасидан мунтазам равишда тушинтириш ҳамда тарбиявий ишлар олиб борилмаганлиги, маҳалладаги фуқаролар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида етарли чора-тадбирлар кўрмаганликлари аён бўлди.

Суд ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича жами 79 та, шу жумладан маҳалла фуқаролар йиғинларига 38 та, ташкилот ва корхоналарга 41 та хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдирган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Президентимизнинг Парламентга йўллаган мурожаатномасидаги суд тизими олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун суд тизимида фаолият олиб бораётган судьялар ва суд ходимларидан, аввало, фаолиятларида қонун устуворлигига қатъий риоя қилган ҳолда, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига, суд фаолиятига асоссиз аралашувларига муросасиз бўлган ҳолда иш олиб боришлари талаб қилинади.

Давлатимиз раҳбари яна таъкидлаганларидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик кундалик фаолиятимиз мезони бўлиши керак. Шунда адолат қўрғони мустаҳкам бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди келгусида ҳам қонун устиворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган фаолиятини мунтазам олиб боради.


А.Ҳабибуллаев,

жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди раиси.