Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Султановнинг Халқ депутатлари туман Кенгашининг олтинчи чақириқ иккинчи сессиясидаги АХБОРОТИ
2020-02-25 19:39:30 321
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда ахолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4231-сонли қарорига мувофиқ Тошлоқ туманидаги тижорат банк филиаллари томонидан ажратилган кредит маблағлари бўйича туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Султановнинг Халқ депутатлари туман Кенгашининг олтинчи чақириқ иккинчи сессиясидаги АХБОРОТИ
Мамалакатимизда аҳолининг бандлиги ва даромадларининг барқарор ўсишини таъминлашга доир вазифаларни ҳал этишда тобора муҳим рол тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга янада устивор аҳамият берилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”нинг учинчи йўналишида “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш” устивор йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2019 йил 7 мартдаги 4231-сонли қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад, ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига, миллий хунармандчиликни янада ривожлантириш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширилишига, ёш тадбиркорликнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳалари рўёбга чиқишига ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлашга замин яратиш, шу билан бирга, аҳолини меҳнат орқали даромад топишига бўлган қизиқишини ошириш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини, шунингдек, ҳудудларда фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни имтиёзли шартларда молиялаштиришни тизимли равишда давом этиришдир ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этишни таъминлашдир.
Ҳурматли депутатлар, сессия қатнашчилари!
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 март кунги ПҚ-4231-сонли қарорини ҳудудларда ижросини таъминлаш мақсадида, шу мазмунда Фарғона вилояти ҳокимининг 2019 йил 13 март куни 95-сонли ҳамда Тошлоқ тумани ҳокимининг 2019 йил 20 март куни 1492-сонли қарорлари қабул қилинган.
Мазкур қарорларга мувофиқ, 2019 йил давомида тумандаги тижорат банк филиаллари томонидан 928 нафар фуқароларга жами 14 313,0 млн.сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Ушбу ажратилган имтиёзли кредит маблағларини йўналишлар кесимида таҳлил қилинганда умумий ажратилган кредит маблағларига нисбатан,
Ишлаб чиқариш дастгоҳлари учун - 1906,6 млн сўм, (13,3 фоиз);
Иссиқхона қуриш учун - 2 242,6 млн сўм, (15,7 фоиз);
Қорамол учун - 1 846,0 млн сўм, (12,9 фоиз);
Қўйчилик учун - 7 988,7 млн сўм, (55,8 фоиз);
Асаларичилик учун - 135,5 млн сўм, (0,9 фоиз);
Паррандачилик учун - 193,6 млн сўм, (1,4 фоиз);
Мазкур рақамларга эътибор берадиган бўлсак, умумий ажратилган маблағнинг 68,7 фоизи, яъни 9 834,7 млн. сўм маблағ қорамол ва қўйчилик йўналишларига тўғри келмоқда, шундан туман Агробанки томонидан - 6 117,0 млн сўм, (42,7 фоизи), туман Халқ банки томонидан - 3 717,5 млн сўм, (26,0 фоизи) ҳиссаларига тўғри келмоқда.
Мазкур имтиёзли кредит маблағлари, энг аввало аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлиш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятларини янада ривожланишига ҳамда хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ваҳоланки, дастлабки маълумотларга кўра 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига туманда ишсизлар сони - 8062 та ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг 1 январь кунига ушбу кўрсаткич - 8422 тани ташкил этмоқда, бундан кўриниб турибдики 360 тага ошган.
Бундан ташқари ҳудудларнинг ўзига хос ҳусусиятини ҳисобга олиб, «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, имтиёзли кредитларни мавжуд шароит ва оилаларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда кредит маблағлари ажратилишига эътибор қаратилмаганлиги;
-Аҳоли ва муҳтож оилаларни фойдали меҳнатга жалб этган ҳолда экспортбоп, бозор талабига тўлиқ жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнини қамраб олган кластерлар ташкил этилмаганлиги;
-“Обод қишлоқ” дасурига киритилган Найман, Хотинқуми ва Дўстлик маҳалла фуқаролари йиғинларида ташкил этилган хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига имтиёзли кредит маблағлари ажратилмаганлиги;
- 2019 йил давомида кўп иш ўринлари яратиладиган ва аниқ мақсадли лойиҳалардан фақат 1 та трикотаж махсулотлари ишлаб чиқариш бўйича “Сарвиноз Машҳура Шод Дил” МЧЖга, бу ҳам бўлса “Узсаноатқурилишбанк” Фарғона филилали томонидан 400,0 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилган, бунинг натижасида 85 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланган;
Бундан кўриниб турибдики, туманимиздаги АТБ “Агробанк” ва ДТ “Халқ банк” филиаллари бошқарувчилари ва кредит бўлими бошлиқлари томонидан худудларда уйма-уй юриб аҳолига имтиёзли кредит маблағларини берилишидан кўзланган мақсад ва авзалликларини тушунтира олмаганликлари, шунингдек туманда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхона раҳбарлари билан йўналишлар кесимида суҳбатлар ўтказилмаганлиги ёки ўз мижозлари билан тушунтириш ишларини етарли даражада амалга ошрилмаганлиги натижасида мақсадли ва кўп иш ўринлари яратишга ихтисослашган лойиҳалар ишлаб чиқилмаган.
Тижорат банклари томонидан қорамол ва қўйчилик йўналишида 9834,7 млн сўм кредит маблағлари ажратилишига қарамасдан, ажратилаган кредитлар ҳисобидан чорвачилик йўналишида янгитдан фермер хўжалиги ташкил этилмаган, мавжудларида эса сут ва гўштни қайта ишлаб чиқариш бўйича мақсадли лойиҳалар амалга оширилмаган.
2019 йил давомида тижорат банк филиаллари томонидан ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан мақсадли ва янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутган ҳолда чорвачилик йўналишларида ажратилган жами 9 834,7 млн сўми(68,7 фоиз) жойига бориб мониторинг ўтказилганда, ажратилган имтиёзли кредит маблағлар фуқаролар томонидан мақсадсиз бошқа йўналишларга ишлатилганлиги ёки олинган чорва ҳайвонлар олиб келиниб, узоғи билан бир ҳафта сақлаб, сўнг сотиб юборилгани ва сотилгандаги нақд пуллар бошқа мақсадларда сарфлангани маълум бўлди. Жумладан:
АТБ “Агробанк” туман филиали томонидан Гузарбоши маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Абдуллаева Машхураой Алижоновна, Қуйи Яккатут маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Аҳмедова Машҳура Холматовна, Ахшак маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Қодиров Умиджон Абдуллажон ўғли, Садда маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Фозилов Дониёр Юлчибоевичларга чорвачилик йўналишида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган, лекин ушбу фуқаролар томонидан олинган чорва ҳайвонлари сотиб юборилган, ушбу ҳолат юзасидан белгиланган муддатларда қайта тиклаш чоралари кўрилди.
ДТ “Халқ банки” туман филиали томонидан Заркент маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Эгамбердиев Шуҳрат Турсунович, Жарқишлоқ маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаролар Сотволдиев Давронжон Раҳмоналиевич, Азимова Шохида Эркинжоновна, Варзак маҳалла фуқаролари йиғинида яшовчи фуқаро Маткаримова Лайлохон Эгамбердиевналарга чорвачилик йўналишида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган, лекин фуқаролар томонидан олинган чорва ҳайвонлари сотиб юборилган, ушбу холат юзасидан белгиланган муддатларда қайта тиклаш чоралари кўрилди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ва матасадди бошқармалар томонидан вилоят дастурлари доирасида аввал ажратилган имтиёзли кредитларни қайтарилиши ҳисобидан 2020 йилда кредитлаш учун шакллантириладиган ресурс маблағларининг мақсадли параметрлари 2019 йил 22 декабрда тасдиқланган.
Мазкур тасдиқланган мақсадли параметрларга асосан, Тошлоқ туманида дастурлар доирасида аввал ажратилган имтиёзли кредитларнинг қайтарилиши ҳисобидан 2020 йилда кредитлаш учун шакллантириладиган ресурс маблағларининг мақсадли параметрлари ишлаб чиқилди ва мутасадди бўлимлар томонидан тасдиқланди. Жумладан:
Тошлоқ тумани тижорат банклари учун жами 18 570,0 млн. сўм миқдорида 6 та йўналишлар кесимида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган.
-“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида - 9 637,0 млн. сўм;
-“Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш” дастури доирасида - 631,0 млн. сўм;
-“Yoshlar-Kelajagimiz” Давлат дастури доирасида – 5 559,0 млн. сўм;
-“Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш” дастури доирасида - 358,0 млн. сўм;
-“Хотин- қизларни ва оилани қўллаб – қувватлаш” дастури доирасида - 1 068,0 млн. сўм;
-“Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш” дастури доирасида - 1 317,0 млн. сўмни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорларининг талабларида белгиланган вазифаларни йўналишлар кесимида ўз муддатида ва самарали ижросини таъминлаш ҳамда ўтган йил давомида йўл қўйилган хато ва камчиликларни жорий йилда такрорламаслик чораларини кўриш юзасидан қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади:
1.Туманда аҳолининг бандлиги ва даромадларининг барқарор ўсишини таъминлашга доир чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;
2.Тижорат банк филиалларига бириктирилган секторларда мавжуд ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо-воситачилик фаолиятларини амалга ошириб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан индивидуал тартибда ишлашни йўлга қўйиши орқали, мавжуд иш ўринларини сақлаб қолган ҳолда, янги кўп иш ўринлари яратишга ихтисослашган ва мақсадли лойиҳаларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
3.Тижорат банк филиалларига бириктирилган секторларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш чораларини кўриш орқали, миллий ҳунармандчилик, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширилиши юзасидан мақсадли лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
4.Туман дастурлари доирасида аввал ажратилган имтиёзли кредитларни қайтарилиши ҳисобидан жорий йилда кредитлаш учун шакллантириладиган ресурс маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чораларини кўриш;
5. Тижорат банк филиалларининг бошқарувчилари томонидан ҳар чорак якуни билан йўналишлар кесимида ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ва улардан мақсадли фойдаланиш ҳолатлари, ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг ижроси ва яратилган янги иш ўринлари ҳамда юридик мақомга эга бўлган оилавий корхоналар сонини ошириш борасида амалга оширилган ишлар бўйича Халқ депутатлари туман кенгашига ҳисобот бериб бориш;
6. Тижорат банк филиалларининг бошқарувчилари томонидан туманда ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида, шунингдек, худудлардаги муҳтож оилаларни тадбиркорликка жалб этиш орқали турмуш даражасини яхшилаш борасида ўз таклифларини Халқ депутатлари туман кенгашига тақдим этиб бориш чораларини кўриш ҳамда биргаликда мазкур масалаларни ҳал этиш юзасидан қўшма “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш чораларини кўриш;
7. Туман АТБ “Агроабнк” филиали учун ажратилган - 11 499,0 млн. сўм кредит маблағларининг секторлар кесимида қуйидаги тартибда тақсимланади:
1-секторга, туман ҳокими ҳудудида жойлашган 11 та маҳалла фуқаролари йиғинлари учун - 4 463,0 млн. сўм;
3-секторга, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳудудида жойлашган 17 та маҳалла фуқаролари йиғинлари учун – 7 036,0 млн. сўм;
Туман АТ “Халқ банки” учун ажратилган 7 071,0 млн сўм кредит маблағларининг секторлар кесимида қуйидаги тартибда тақсимланади:
2-секторга, туман туман прокурори ҳудудида жойлашган 13 та маҳалла фуқаролари йиғинлари учун – 3 268,8 млн. сўм;
4-секторга, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳудудида жойлашган 17 та маҳалла фуқаролари йиғинлари учун – 3 803,2 млн. сўмлар тақсимот қилинса назорат тартибида ушбу маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилади.
8.Тижорат банк филиаллари томонидан ажратиладиган кредитларнинг асосий қисмини ишлаб чиқариш ва ҳудудларни ихтисослашувидан келиб чиқган ҳолда иссиқхоналар ташкил этиш йўналишларига ажратилишини таклиф қиламан.
Эътиборингиз учун раҳмат!