Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“Юқори”дан келган назоратчини “оғзини мойлаш” охирига етмади
2020-02-29 16:00:56 248
Коррупция ҳар қандай давлат ёки жамият учун тараққиёт кушандаси ҳисобланади. Ушбу иллат билан инсоният азалдан курашиб келади ва уни қоралайди.
Мамлакатимизда ҳам ушбу ҳавфли иллатга барҳам бериш бўйича кенг кўламли ҳуқуқий, амалий-ташкилий чоралар кўрилмоқда.
Бироқ, айрим соҳаларда азалдан “одат” тусига кириб қолган, “юқори”дан келган текширувчи ёки назоратчини “оғзини мойлаш” кўринишидаги коррупцияга олиб келувчи ҳавфли омиллар сақланиб қолаётганлиги коррупцияга қарши курашиш, унинг илдизларини қуритишга тўсқинлик қилиб келмоқда.
Фикримизнинг исботи сифатида, жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилиб, жорий йил 17 февраль куни айблов ҳукми чиқарилган жиноят иши тафсилотларини келтириб ўтамиз.
2019 йил 27 ноябрь куни Фарғона вилоят Давлат санитария эпидемиология назорати маркази (кейинги ўринларда ДСЭНМ) бош врачи ўз қўл остидаги марказнинг эпидемиология бўлими мудири Ғ.Якубовга ҳудудларга чиқиб, тиббиёт муассасаларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш, санитария ҳолатини таъминлаш ва ободонлаштириш тадбирларини бажарилиши ҳолатини ўрганиш бўйича буйруқ беради.
Ғ.Якубов ушбу буйруқ асосида 2019 йил 27 ноябрь куни Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг тиббий чиқиндилар учун ажратилган махсус контейнерига зарарсизлантириб ташлаш чоралари кўрилмасдан, маиший чиқиндилар вақтинча сақлаш жойига аралаштирилиб, тиббий чиқиндилар ташланганлигини, бу эса ўткир юқумли касалликлар кўпайиши, тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини аниқлайди ва бу ҳақида компьютер техникаси ёрдамида далолатнома ёзишга киришади. Бироқ, электр таъминотидаги техник узилишлар сабаб далолатномани якунига етказа олмайди. Далолатномани якунига етказиш эртасига қолдирилади.
Бундан хабар топган, Тошлоқ туман тиббиёт бирлашмаси бош фельдшери лавозимида ишлаб келаётган О.Каримов Тошлоқ туман ДСЭНМ эпидемиология бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Ф.Абдуллаевга Ғ.Якубов юқоридаги ҳолатлар тўғрисида тузиши керак бўлган далолатномани туздирмаслик ҳамда маъмурий ва интизомий чора қўллатмаслик эвазига унга 400,0 минг сўм пул бериб, уни моддий манфаатдор қилишни таклиф қилади. Ўз навбатида, Ф.Абдуллаев О.Каримовнинг ушбу таклифига розилик билдиради. Шу тарзда, Ф.Абдуллаев ва О.Каримов Ғ.Якубовнинг хабарисиз юқоридаги қонунбузилиш ҳолатини Ғ.Якубовга пора бериш орқали яшириш учун ўзаро келишиб олишади. Боиси, агар Ғ.Якубов юқоридаги қонунбузилиш ҳолатини далолатномада акс эттирса, О.Каримов ва тиббиёт бирлашманинг масъул шахсларига маъмурий тартибда чора кўрилиши мумкин эди.
О.Каримов жиноий мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида, 28 ноябрь куни Тошлоқ туман тиббиёт бирлашмасининг врач эпидемиологи А.Мадалимовдан 200,0 минг сўм пулларни талаб қилиб, ўзининг ёнидан 200,0 минг сўм қўшиб, 400,0 минг сўм қилиб бермаган тақдирда, расмийлаштирилган далолатномага кўра, тиббиёт бирлашмаси бош врачига катта миқдорда маъмурий жарима қўлланилишини, бунинг натижасида А.Мадалимовни ишдан бўшатиб юборилиши мумкинлиги таҳдиди билан қўрқитиб, талаб қилинган 200,0 минг сўмни ундан олиб, ўзининг ёнидан 200,0 минг сўм қўшиб, Ғ.Якубовга пора сифатида бериш учун, жами 400,0 минг сўм пулларни Ф.Абдуллаевга унинг хизмат хонасида беради.
Бироқ, А.Мадалимовнинг ўз вақтида иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошлоқ туман бўлими бошлиғи номига 28 ноябрь куни О.Каримов ва бошқа шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб қилган мурожаати бўйича ўтказилган тезкор тадбирда, О.Каримов ва Ф.Абдуллаевнинг ушбу жиноий ҳаракатлари аниқланиб, жами 400,0 минг сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинади. Натижада, Ф.Абдуллаев ва О.Каримов ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда Ғ.Якубовга 400.0 минг сўм пулларни пора сифатида бериш жиноятини охирига етказа олмайди. Суднинг ҳукмига кўра, Ф.Абдуллаев ва О.Каримов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-модда орқали 211-моддаси 1-қисми билан (пора беришга суиқасд қилганликда) айбдор деб топилиб, уларга нисбатан давлат тиббиёт муассасаларида мансабдорлик ва моддий жавобгаралик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилинди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварига тенг жарима жазоси қўлланилди.
Суд томонидан давлат тиббиёт тизимида ишловчи Ф.Абдуллаев ва О.Каримов томонидан ушбу жиноятни содир этилишига ушбу тизимда ишловчи ходимлар ўртасида коррупция ва унинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳити шакллантирилмаганлиги, ҳуқуқий тушунтириш ва тарғибот тадбирлари олиб борилмаганлиги сабаб ва омиллар сифатида баҳоланиб, Фарғона вилоят Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ва Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мазкур сабаб ва омилларни бартараф этиш тўғрисида хусусий ажрим чиқарилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир соҳа ходими, у врач бўладими, ўқитувчими, юристми, коррупция иллатига қарши ўзида тоқатсизлик, курашувчанлик ва муросасизлик туйғусини тўлиқ шакллантирмас экан, ўз фаолиятидаги камчиликларни пора бериш орқали хаспўшлаш ва яшириш мумкин деган тушунчадан воз кечмас экан ушбу иллатни таг-томири билан йўқ қилиб бўлмайди. Чунки, ушбу иллат илдизи айнан шундай салбий тушунча ва фикрлардан куч олади.
А.Ҳабибуллаев,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.