Шрифт ўлчами Ранг Расм

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 21 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси


МУНОСАБАТ

×

 2020-03-03 19:32:05    295

PDF юклаш
Чоп этиш


“Фарғона ҳақиқати” газетасининг жорий йил 19 февраль кунги 14-сонида чоп этилган Хонақа маҳалла фуқаролар йиғини Хонақа кўчаси 190-уйда яшовчи фуқаро Мўътабархон Маҳмудованинг “Фарғона ҳақиқати” ҳақиқатни ёзадими?” сарлавҳали мақоласига туман ҳокимлигининг МУНОСАБАТИ

Фуқаро М.Маҳмудованинг мурожаати юзасидан туман ҳокимлиги томонидан тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида тузилган Ишчи гуруҳи жойига бориб ҳар бир масала юзасидан ўрганишлар олиб борди.

Хонақа маҳалла фуқаролар йиғинида 530 та хонадон бўлиб, уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги хонадонларга ичимлик суви тармоғи тортилмаган. Маҳалла ҳудудида ўзи оқар 5 та тик қудуқ мавжудлиги, ичмлик суви фуқаролар томонида ташиб ичилиши аниқланди. Ҳудудни ичимлик суви билан таъминлаш учун сув насоси, сув минораси ҳамда беш минг метр сув тармоғи тортиш  ишлари жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган. Маҳалладаги 31-ўрта таълим мактаби ичимлик суви билан таъминланган.

М.Маҳмудованинг тез тиббий ёрдам шаҳобчаси фаолиятини йўлга қўйиш масаласидаги мурожаати ҳам тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3494-сонли қарори ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 29 январдаги 57-сонли бўйруғига асосан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимида ҳар ўн уч минг аҳолига биттадан автотранспорт ажратилган. Аҳолига тез ва сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида туман ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими томонидан чора-тадбирлар белгиланди.

Ўрганиш давомида навбатдаги масала юзасидан 31-умумий ўрта таълим мактабидаги спорт залига кирилди. Мақолада “Хусусан, 31-мактабда спорт зали йўқ. Жисмоний тарбия машғулотлари қиш ойларида синфхоналарда бир амаллаб ўтказилиб келинади”, дейилган. Туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги Хонақа маҳалла фуқаролар йиғини Хонақа кўчаси 68-уйда жойлашган 31-умумий ўрта таълим мактаби 320 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1987 йилда қурилган. Ҳозирги кунда мактабда 409 нафар ўқувчилар таълим олмоқда. Мактабда жисмоний тарбия фани ўқитилиши ҳамда ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига шароит яратиш мақсадида мактаб фаоллар зали спорт зали сифатида мослаштирилган. Ушбу таълим муассасасига 12х24 ўлчамдаги янги спорт зал биносини қуриш бўйича туман ҳокимлиги ҳамда тегишли идоралар билан келишилган ҳолда вилоят Халқ таълими бошқармасига таклиф киритилган. Ҳозирги кунда спрот зал сифатида фойдаланилаётган бинога ички иситиш тизимларини тортиш ишлари 2020 йил бюджет параметрларида кўзда тутилган.

Ҳудудда мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмаслиги бўйича қилинган мурожааат юзасидан туман ҳокимлиги ва мактабгача таълим бўлими томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудуддаги фойдаланилмаётган бўш ер майдонига давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуриш бўйича ташаббускорлар аниқланмоқда.

Фуқаро М.Маҳмудованинг барча масалалари юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди. Мазкур мурожаат юзасидан келгусида Тошлоқ туман ҳокимлиги “Фарғона ҳақиқати” газетасига амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни бериб боради.

Тошлоқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.