Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Айтсам тилим, айтмасам... ёҳуд 31-ўрта таълим мактабининг бугуни ҳақида
2020-03-04 18:51:38 306
Аввалроқ Хонақа маҳалласида фуқаро мурожаати бўйича олиб борилган ўрганиш ҳақида хабар берган эдик. Ҳозир яна бу масалага қайтиш истагимиз йўқ. Эслаганимиз боиси, мурожаатда “Хусусан, 31-умумтаълим мактабида спорт зали йўқ. Жисмоний тарбия машғулотлари қиш ойларида синфхоналарда бир амаллаб ўтказилиб келинади”, дейилган. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида ушбу таълим даргоҳига ташриф буюрдик.
Ташрифимиз унчалик узоқ вақт давом этади деб ўйламагандик. Спорт залига кирдик. Мослаштириган бино. Иссиқлик таъминоти йўқ. Дарҳақиқат қиш ойларида кичик синф ўқувчилари ўз хоналарида спорт машғулотларини ўтишгани, юқори синф ўқувчилари эса спорт залидан фойдаланганликлари, ҳаво ҳарорати илиқ бўлган кунлари эса ташқи спорт майдонларидан фойдаланганликлари аниқланди. Табийки, мактабнинг ташқи спорт майдонлари билан ҳам танишдик.
Бу эса бизнинг ташрифимизнинг чўзилишига сабаб бўлди. Чунки, таълим муассасасининг орқа тарафида жойлашган спорт майдончалари ҳам умуман талабга жавоб бермайди. Барчаси тартибсизлик, бепарволик, ва албатта лоқайдлик ҳукмрон эканлигидан далолат берди.
Мактаб чиқиндихонаси ҳам эътиборимизни тортди. Наҳот келажак ворислари камол топаётган даргоҳда бундай чиқинди уюмлари бўлса, пашша ва бошқа ҳашоратларга ҳам “Ватан” тайёрланган бўлса... Ҳайратланарли эмасми?
“Юриш”имиз давом этди. Мактабнинг ҳимоя деворлари ҳам кўримсиз, ачинарли аҳволда. Мактабнинг яна бир чекка қисмида эса биргина плита ҳавфли ҳолатда турибди(айтишларича, узоқ йиллардан буён ҳеч кимга ҳавф солмаган эмиш), хатто ёнига боргани биз ҳам ўйланиб қолдик. Кетаётиб йўлак ёнидаги бир хандақ(ўра) нигоҳимизни тортди. Чуқурлиги икки ярим метр, юзаси тўрт квадрат бўлган махсус жой(кимё лабараторияси хонасининг чиқиндилари чиқадиган, тўкиладиган жой экан)нинг уст қисми ёғоч, бетон ва бошқа жисмлар билан қўлбола қилиб беркитилган. Айтганча, бу ерга ҳеч бир ўқувчининг тушиб кетмаслигига ҳам кафолат берувчи таълим даргоҳидан топилмади.
Фильмларда, ижтимоий тармоқларда кўрган тартибсиз, ташландиқ жойлар кўз олдимда гавдаланди. Айтишингиз мумкин, анчагина ошириб юбордингиз деб. Лекин буларни ёзяпман-у, кўрганларим кўз олдимдан кино тасмасидек бир-бир ўтмоқда. Майли кутамиз, туман халқ таълими бўлими бизнинг кўрганларимизга холисона баҳо беришини. Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати томонидан олинган суратлар бизни “ҳимоя” қилиб қолар?!
Текшириш осон, бажариш қийин, дейишади. Биз текширмадик, кўрганларимизга холисона баҳо бердик холос. Айниқса, таълим муассасаларининг ҳар бир қаричи учун хўжалик ишлари ходимлари бириктирилган, уларга маошлар тайинланган. Чунки ёшларимиз покиза, обод бўлган жойларда таҳсил олиши назарда тутилган. Мазкур мактабнинг ана шудай ходимлари бугун қайси иш билан банд, буниси бизга қоронғу. Биз кўрган, билган мактабларда аҳвол ундай эмас. Жамоанинг ҳар бир аъзоси белгиланган вазифага чин кўнгилдан ёндошади. Раҳбарнинг ёнида камарбаста бўлиб, юкнинг ярмини кўтараётганлар қанча. Бирдамлик, ҳамжиҳатлик бўлган жамоада, салоҳиятли раҳбар бўлган даргоҳда ҳеч қачон юқоридаги каби ҳолатлар бўлмайди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.