Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АЙЁМИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!
2020-03-06 19:13:08 1356
Туман ҳокими Шуҳрат Абдусаломовнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан туманимиз хотин-қизларига табриги
Баҳорнинг илк кунлариданоқ ҳар биримизнинг дилимизга қувонч ва фахр, эзгулик ва самимият туйғуларини жо этиб табиат ва қалблардаги янгиланишларга ўзгача улуғворлик бахшида этиб яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан Сиз азизларни чин дилдан муборакбод этаман.
Ҳар биримиз сўнгги йилларда юртимизда оламшумул ўзгаришлар юз бераётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Аввало турмуш фаровонлигининг яхшиланаётганлиги, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда нуфузи ортиб бораётганлиги, қайси соҳани назарда тутмайлик муҳим ижобий ўзгариш ва юксалишлар билан яшаётганимиз танлаган йўлимиз тўғри ва юртимизнинг келажаги порлоқ эканлигини кўрсатиб турибди. Шубҳасиз бу амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёсдир.
Бугун бирон бир соҳа йўқки унда аёлларнинг иштироки сезилмаётган бўлса. Давлат ва жамият бошқаруви ёҳуд ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ёки таълим, тиббиёт—қайси жабҳада бўлмасин хотин-қизларнинг тенг иштирокини сезамиз. Оилада меҳрибон она, тежамли ва тадбиркор бека, ишлаб чиқариш ёки хизматда интизомли, оқила ва бошқаларга меҳрибон инсон сифатида намуна бўлишдек шарафни уддалаётган аёлларимиз ҳамиша ҳурматимизга лойиқдир. Биз уларнинг сиймосида аввало самимият ва улуғворлик, оилапарварлик ва ватанпарварлик сингари хислатларни кўрамизки юртимизнинг эртанги келажаги улар тарбиялаётган фарзандларнинг камолатига боғлиқлигидан дилларимиз таскин топади.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-иктисодий, ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимиз доирасида Сиз азиз опа-сингиллар, аёлнинг жамият ривожидаги мавқеини ошириш, соғлом, баркамол фарзандларни дунёга келтириб камолга етказишларига имконият яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларни доимий иш билан таъминлаган ҳолда янги иш ўринлари ташкил этиш, ижтимоий муҳофазани янада кучайтириш борасида ўзларингизнинг муносиб жавобларингизни бериб келмоқдасиз.
Туманимизда ҳам айни кунда 200 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиб уларнинг 98 мингдан зиёди хотин-қизларни ташкил қилади. Уларнинг жамиятимиздаги фаоллигини шундан англаш мумкинки халқ депутатлари туман Кенгашига яқинда сайланган 30 нафар депутатларнинг 6 нафари хотин-қизлар вакиллари ташкил этяпти. 51 та умумтаълим мактаблари директорларининг 14 нафари хотин-қизлар вакилларидир.
Ана шундай салмоқли кўрсаткичларни тиббиёт, мактабгача таълим, қишлоқ хўжалиги, туман ҳокимлиги бошқаруви, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тадбиркорлик кесимида ҳам кўриш мумкин. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор” Зебихон Рустамова, ўтган йили хукуматимизнинг юксак мукофотларидан бири бўлган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган, туманимиздаги “Зокиров Нуриддин” фермер хўжалиги аъзоси Олмахон Ҳайитова, куни кеча ана шу юксак мукофот билан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан Зебихон Рустамова ҳамда 21-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Татьяна Макаровна, шунингдек Меҳнатобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Муқаддамхон Мамадалиева “Энг намунали фермерлар оиласи” танлови ғолиби бўлиб фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
“Маҳалла ифтихори” нишони билан мукофотланган Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Насибахон Мадумарова, туман ҳокимлиги вакиллари Моҳирахон Қорабоева, Меҳрихон Абдуллаевалар, туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими бошлиғи Маликахон Мусаева, 18-мактаб директори Моҳидахон Жўраева, тадбиркор аёлларимиздан Гулчеҳра Собирова, туман Савдо саноат палатаси раҳбари Зуҳрахон Солиевалар ан шундай фидойи аёллар жумласидандир.
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан сиз азиз опа-сингилларимизни яна бир бор муборакбод этмоқчиман. Ҳар бирингизга оилангиз бахту саодати, фарзандларингиз камолатини кўриб қувониб юриш насиб этсин. Юрт равнақи, хонадонингиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги иштирокингиз бунданда фаолроқ бўлишига тилакдошмиз. Сиҳат-саломатлик, яхши кайфият ва эзгу мақсадлар билан яшаш ҳеч бирингизни тарк этмасин.