Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Джурабаевнинг халқ депутатлари туман Кенгашига мурожаати
2021-04-20 18:21:22 315
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 апрель кунги “Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда 2021 йил учун бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектрида берган топшириқларига асосан туманда тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва бюджет тушумларини кўпайтириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилиши белгиланган ишларни белгилаб олганмиз.
Барчамизга маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омилдир. Ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат раҳбари томонидан жуда ҳам кўп фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди.
Барча ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиб, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди.
Бундан ташқари вилоятимиз рахбари Хайрулло Бозоровнинг барча шаҳар ва туманларда “Тадбиркорлар уйи” ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида туман марказида “Тадбиркорлар уйи” ташкил этилиб барча керакли жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.
“Тадбиркорлар уйи”га тижорат банклари, тадбиркорларга кўмаклашиш маркази, туман Давлат солиқ инспекцияси, кадастр, архитектура, газ, электр ва сув оқава ташкилотларидан иборат 10 нафар малакали мутахассислар бириктирилган.
Бугунги кунда “Тадбиркорлар уйи”га 83 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 50 таси ижобий ҳал қилинган, қолган мурожаатлар ижрога қаратилган.
Бундан ташқари Давлат раҳбари раислигида 2020 йилнинг 23 июль куни ўтказилган видеоселекторида вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари мутлақо янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлаши бўйича топшириқлар берган.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туман хокими, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда сектор раҳбарлари барчамиз 70 фоиз вақтимизни туманда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар фаолиятини жойига бориб ўрганиш, муаммоларини биргаликда ҳал қилиш, фаолиятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни йўлга қўйиш устида биргаликда ишлаб келмоқдамиз.
Тошлоқ туманида бугунги кунда 1 689 та кичик бизнес субъектлари фаолият юритади.
Кичик бизнес субъектларини йўналишлар кесимида таҳлил қилинганда қишлоқ ва ўрмон хўжалигида 119 та, саноатда 412 та, қурилишда 134 та, савдода 570 та, ташиш ва сақлашда 69 та, яшаш ва овқатланишда 94 та, ахборот ва алоқада 71 та, соғлиқни сақлаш соҳасида 48 та, бошқа йўналишларда 172 тани ташкил қилади.
2021 йил давомида 435 та, 1-ярим йилликда 235 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиши белгиланган. Шундан 1-чорак давомида 93 та, 2-чоракда 142 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилади.
Январ-март ойлари давомида 96 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб 1-чорак режаси 103,2 фоизга бажарилди.
Ўзбекистон Республиаси Президентининг 2021 йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Тошлоқ туманида 35 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгилаб берилган, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 601 млрд. 292 млн. сўмдан зиёд маблағлар сарфлаш режалаштирилган. Шундан:
- лойиҳа ташаббускорлари ўз маблағидан 254 млрд. 168 млн.сўм;
- банк кредити ҳисобидан 64 млрд. 230 млн. сўм;
- хорижий кредит линиялари хисобидан 16 млн. 554 минг АҚШ доллари;
- тўғридан-тўғри хорижий инвестиция хисобидан 9,4 млн. АҚШ доллар маблағлар сарифланади ва 2151 та янги иш ўринлари яратилади.
Бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги йўналишида 4 та лойиҳа ишга туширилиб 7 млрд. 108 млн. сўм сарфланади ҳамда 22 та янги иш ўринлари яратилди.
Жорий йил туман учун 5,5 млн. АҚШ доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Лекин биз ички имкониятлардан келиб чиқиб 1-ярим йилликнинг ўзида 8,5 млн. АҚШ доллар хорижий инвестициялар ўзлаштиришни мақсад қилиб олган эдик, шунга қарамай 1-чоракнинг ўзида 10,3 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирдик ва йиллик режани 187,2 фоизга бажаришга эришдик.
Мисол учун “Экспо коллор принт текс” кластер корхонаси томонидан 6,1 млн.доллар, “Поско интернационал текстил” хорижий корхонаси томонидан 539,0 минг АҚШ доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Туманда 2021 йилда жами 114 млн. 840 минг АҚШ долларлик, шундан 102 млн. 178 минг АҚШ долларлик саноат маҳсулотлари ва 12 млн. 662 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши прогнози белгиланган.
2021 йил 1 чорак якуни бўйича жами 19 млн. 474 минг АҚШ долларлик, шундан 17 млн. 193 минг АҚШ долларлик саноат маҳсулотлари ва 2 млн. 282 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши прогнози белгиланган бўлиб, амалда жами 28 млн. 190,2 минг АҚШ доллари шундан саноат маҳсулотлари экспорти 27 млн. 430,5 минг АҚШ доллар ва 759,7 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт амалга оширилди. Бу кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 144,8 фоизга ёки 6 млн. 785 минг АҚШ доллар ортиқи билан бажарилмоқда.
Ҳудудда инвестициявий муҳитни яхшилаш мақсадида 119,3 гектар ер майдонида 7 та кичик саноат зоналари ташкил этилди.
Мазкур кичик саноат зоналарига умумий лойиха қиймати 2 397,3 млрд. сўмлик 65 та лойиҳалар жойлаштирилди ва лойиҳаларни ишга тушуриш хисобига 6 132 та янги иш ўринлари яратилиб импорт ўрнини босувчи экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Шунингдек жорий йил якунига қадар Юқориқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 50 гектар ер майдонида умумий қиймати 65,0 млрд. сўмлик 50 та замонавий иссиқхоналар ташкил этилади ва 250 та янги иш ўринлари яратилади. Ҳозирда 28 та тадбиркор томонидан 28 гектар ер майдонида иссиқхоналар қуриб битказилди ва лимон кўчатлари ҳамда булғори қалампир маҳсулотлари жойлаштирилди. Натижада 140 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб туманда аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш орқали уларни бандлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил давомида 12619 та янги иш ўринлари яратилади, жумладан янги яратилган ва бўш ҳамда квота иш ўрнига ишга жойлаштириш ҳисобига 2515 нафар, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳисобига 688 нафар, инвестиция лойиҳаларини ишга туширилиши ҳисобига 2151 нафар, янги ташкил этилган кичик саноат зоналарида ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобига 6132 нафар, шахсий таморқасида иссиқхоналар қуриш ҳисобига 116 нафар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия ажратиш ҳисобига 100 нафар, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича 615 нафар, ишсизлик нафақаси тайинлаш ҳисобига 302 нафар фуқароларни бандлигини таъминланади.
Ҳурматли сессия иштирокчилари!
2021 йилда Тошлоқ тумани маҳаллий бюджет тушумлари учун 43 423,9 млн. сўм прогноз белгиланган бўлиб, белгиланган прогнозга нисбатан йил якуни билан 6 513,6 млн.сўм қўшимча маблағ жалб этиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг 1-чораги учун маҳаллий бюджетга тушумлар 8 098,1 млн.сўм прогноз белгиланган бўлиб, ҳақиқатда 2021 йил 1 апрель ҳолатига 9 500.5 млн. сўм маблағ ундирилди. Белгиланган режа 117,3 фоизга бажарилиб, 1 402,3 млн. сўм қўшимча маблағ жалб этилди.
2021 йилнинг 2-чораги учун 9 818,6 млн. сўм режа белгиланган бўлиб, чорак якуни билан маҳаллий бюджет даромадларига қўшимча 1 841,0 млн. сўм маблағ жалб этиш режалаштирилган. Жумладан,
ҳисобланадиган солиқ тўловларини ундириш ҳисобидан 10 264.0 млн.сўм, маҳаллий мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобидан жами 3 080,0 млн.сўм маҳаллий бюджет даромадларига ундириш ҳисобига.
Камерал назорат тадбирлари натижасида қўшимча ҳисобланган солиқ тўловларини ундириш ҳисобидан 560,0 млн сўм.
Солиқ қарздорлигини қисқартириш ҳисобига 420,0 млн сўм.
Электрон ҳисобварақ фактураларидаги кўрсаткичларни таҳлил қилиш ҳисобига 245,0 млн сўм.
Давлат мулкини ва Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган тушумларни таъминлаш ҳамда мусодара ҳисобидан 125,0 млн сўм.
Янги инвестиция лойиҳаларини ишга туширишни ташкил этиш ҳисобига ва иш ўринлари легаллаштириш ҳисобига 47,0 млн сўм.
Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари хисобидан 150,0 млн сўм кўшимча маблағлар ҳисоби белгиланиб, аниқ чора-тадбирлар тузилди.