Shrift o'lchami Rang Rasm

www.toshloq.uz


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 48 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаххор Джурабаевнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ

×

 2020-07-23 16:50:29    280

PDF yuklash
Chop etish


Ассалому алайкум, хурматли Тошлоқликлар!

Дунё миқёсида глобал муаммолардан бири бўлиб қолган “COVID-19” коронавирус пандемияси бизнинг юртимизга ҳам кириб келди. Ҳурматли фуқаролар, мен туман ҳокими, 1-сектор рахбари сифатида ва қолган 3 та сектор раҳбарлари билан биргаликда коронавирус пандемияси даврини талофатсиз ўтказиш, аҳолини зарур бўлган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида бор куч-ғайратимиз билан курашмоқдамиз.

Тошлоқ тумани 1973 йилнинг 12 апрель куни ташкил топган, умумий майдони 243 км кв иборат.  Бугунги кунда туманда 51 та махалла фуқаролар йиғинларида 201 минг нафардан зиёд фуқаролар истиқомат қилиб келаётган бўлса, уларнинг 102,9 минг нафари  эркакларни 99 минг нафари аёлларни ташкил қилади.

Вилоятимиз ҳокими ва тумандаги 4 та сектор раҳбарлари бошчилигида Тошлоқ туманида коронавируснинг туманга кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, пандемия бошланган даврдан буён туманда умумий ҳисобда 577 нафар фуқаролар карантинга олинди. Уларнинг 225 нафарини чет давлатлардан кириб келганлар ҳамда  352 нафарини улар билан мулоқотда бўлганлар ташкил этган. Ҳозирги кунда 545 нафар фуқароларнинг карантин муддати тугаган.

Пандемия шароитида туманимизда карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ҳар бир маҳалла, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда, бозорлар, савдо шаҳобчалари ҳамда туман марказларида кунлик дизенфекция ишларини доимий олиб борилмоқда. Ҳозирда туманда 10 нафар фуқарода коронавируснинг янги тури бўйича касаллик қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси тўлиқ соғайиб ўз  уйларига жўнатилган.

 “COVID-19” коронавирус пандемияси билан касалланганликда гумон қилинган беморларни даволаш учун туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасида 30 та, 2-терапия бўлимда 45 та, жами 75 та махсус койка, малакали мутахассисларда иборат тезкор гуруҳлар шай ҳолатга келтирилди ва уларни махсус химоя воситалари билан таъминланиб энг керакли 61 турдаги қиймати 256,5 млн сўмлик дори-дармон ва тиббиёт буюмлари заҳираси яратилди. Бундан ташқари коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш учун 5 та замонавий сунъий нафас бериш аппарати олиб келинди.

Дизенфекция тадбирлари учун етарлича хлор заҳираси туман ижтимоий дорихоналар омборларида сақланмоқда. Прокуратура ва солиқ органларининг масъул ходимлари томонидан Дехқон бозори ва савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотлар  нархларининг сунъий ошиб кетишини олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилган.

Бундан ташқари жорий йил якунигача ва кейинги йилнинг пишиқчилик мавсумигача туман аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби истеъмол меъёрлари бўйича ҳисоб-китоб қилиб чиқилди. Ҳисоб-китобларга кўра, туман аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, жумладан:

мевага 14,4 минг тонна, узумга 3,3 минг тонна, картошкага 10,4 минг тонна, пиёзга 4 минг тонна, сабзига 5,2 минг тонна, бошқа сабзавотларга 18,2 минг тонна, полизга 3,4 минг тонна, гуручга 1,9 тонна, дуккакли маҳсулотларга 685 тонна, буғдойга 15,4 минг тонна, гўшт маҳсулотларига 8,5 минг тонна, сут маҳсулотларига 22,8 минг тонна, балиқ маҳсулотларига
1,4 минг тонна ва тухумга 43 млн. дона талаби борлиги аниқланди.

Озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни тўла қондириш, шунингдек истеъмолдан ортиғини вилоят ички бозорларига, қайта ишлаш корхоналарига ҳамда экспортга йўналтириш мақсадида, маҳсулотлар етиштиришнинг аниқ ҳажмлари қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва аҳоли томорқа хўжаликлари кесимида белгилаб олинди.

Бунга асосан, жорий йил якуни ва келгуси йилнинг май ойига қадар туманда 16,2 минг тонна мева, 2,6 минг тонна узум, 25,5 минг тонна картошка, 22,3 минг тонна пиёз, 19,1 минг тонна сабзи, 50,5 минг тонна бошқа сабзавотлар, 5,8 минг тонна полиз экинлари, 1,3 минг тонна гуруч, 3,6 минг тонна дуккакли маҳсулотлар, 44,8 минг тонна буғдой, 10,4 минг тонна гўшт, 77,4 минг тонна сут, 731 тонна балиқ, 42 млн. дона тухум ишлаб чиқарилади. Етиштирлган маҳсулотларнинг йил давомида аҳолига узлуксиз етказиб бериш учун захира омборларида сақланади.

Бундан ташқари куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида 14 минг тоннадан зиёд кўмир заҳираси жамғарилиши режалаштирилган. Шундан, ижтимоий соҳа муассасаларига 6,5 минг тонна, аҳолига 7,5 минг тоннадан ортиқ кўмир махсулотлари етказиб берилади.

Табиий газ етиб бормаган ҳудудларимизни суюлтирилган газ билан таъминлаш учун газ балонлар доимий ва етарли етказиб берилиши тўлиқ таъминланади.

Ҳурматли тошлоқликлар!

Бугунги кунда коронавирус пандемияси ортидан пайдо бўлаётган инқирозни енгиб ўтиш, унинг оқибатларини юмшатиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор  устувор вазифалар белгилаб олинган.

Тошлоқ туманида “Темир дафтар”га киритилган 1176 та оилаларнинг даромадини ошириш мақсадида 4 та сектор кесимида эҳтиёжмандларни туман ҳокимининг ўринбосарлари  раҳбарлик қилувчи йўналишлари бўйича жорий йилнинг якунига қадар ишга туширилиши белгиланган 805 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли рўйхати шакллантириб олинди. Бу борадаги ишлар хал депутутлари туман Кенгаши депутатлари назорати остида амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига қилган ташрифи давомида “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг даромадини ошириш бўйича  ҳар бир оиладан 1 нафарини бандлигини таъминлаш юзасидан аниқ кўрсатмалар бериб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, биринчи ўринда тумандаги 4 та сектор раҳбарларига 10 кишидан ташкил топган иқтисодий комплекс ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, уларга иқтисодий комплекс ходимлари бириктирилди.

Жумладан, иқтисодий комплексда 493 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 587 нафар, инвестиция комплексида 22 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 76 нафар, қишлоқ хўжалиги комплексида 281 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 418 нафар, қурилиш комплексида 9 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 95 нафар камбағал оилалардаги ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланади.

Шунингдек йил якунига қадар оилавий тадбиркорлик дастури асосида имтиёзли кредит берилиши орқали 105 та, янги ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш орқали 164 та, корхона ва ташкилотларда жамоатчилик иш ўринларини яратиш орқали 192 та, эҳтиёжманд хонадонларга иссиқхоналар қуриш орқали 126 та, инвестиция дастурига киритилган 22 та лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 76 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида такрорий экинга ер ажратиш орқали 418 та, инвестиция дастурига киритилган объектларида ҳамда янги уй-жойлар қурилишига 95 та иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунга қадар юқоридаги тадбирлар асосида “Темир дафтар”га киритилган 1176 та оилаларда истиқомат қилувчи 994 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, бугунги кунда 326 нафар эҳтиёжманд оилалар халқ депутатлари туман Кенгаши қарори асосида қўллаб-қувватлаш дафтаридан чиқарилди.

2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан тумандаги тижорат банклари томонидан 16 млрд. 901 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди. Шундан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 13 млрд. 623 млн. сўм, Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида млрд. 710 млн. сўм, Бандликка кўмаклашиш дастури доирасида 263,0 млн сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” дастури доирасида 1 млрд. 305 млн. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб мингга яқин фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Туманни комплекс ривожлантириш лойиҳалари бўйича 33 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳаларга жами 139 млрд. 982 млн. сўм маблағлар сарфланиши шундан лойиха ташаббускорлари ўз маблағлари ҳисобидан 77 млрд. 973 млн. сўм, тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобидан 7 млрд. 130 млн. сўм, хорижий кредит линялари ҳисобидан млн. 444 минг АҚШ доллари ва тўғридан–тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 2,0 млн АҚШ доллари маблағлар сарфланиши ва натижада 359 нафар янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 23 июль холатига умумий қиймати 23 млрд. 935 млн. сўм бўлган 10 та лойиҳалар ишга туширилиб, натижада 53 нафар янги иш ўринлари яратилди. Туманнинг Юқориқишлоқ маҳалла фуқаролари йиғини Қалъача даҳасида оборотдан чиқарилган ер майдонларида туман ҳокимининг қарори билан умумий қиймати 55,0 млн. сўмлик 50 гектар иссиқхона ташкил этиш учун 50 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги, вилоят Касаба уюшмалари  бирлашмаси ҳамкорликда Тошлоқ туманида  яшовчи  оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги ҳамда фарзанди ногирон  бўлган,  кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга мухтож, ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминлаш мақсадида 42 нафар хотин-қизларга тикув машинаси берилиб касаначилик асосида бандлиги таъминланди.

Юқориқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган оборотдан чиққан 9 гектар ер майдонида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун ушбу ҳудудда яшовчи 30 ёшгача бўлган вақтинча ишсиз 40 нафар хотин-қизларга 25 сотихдан ер майдони ажратиб берилди.  Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир ёшга - бир гектар” тамойили асосида 129 нафар ёшларга
36 гектар ер майдонлари доимий фойдаланиш учун, 511 нафар ёшларга фермер хўжаликларини ғалладан бўшаган ер майдонларидан мавсумий фойдаланиш учун 122 гектар ер майдони ажратиб берилди. Туманда камбағалликни қисқартириш бўйича “Темир дафтар”га киритилган меҳнатга яроқли бўлган фуқароларнинг 725 нафарига ғалладан бўшаган майдонлардан такрорий экин экиш мақсадида 20 сотихдан жами 145 гектар ер майдонлари ажратиб берилди. Бундай мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 5-6 июнъ кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида хамда кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда берилган топшириқларига асосан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги билан биргаликда “Тошлоқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган дастури” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур дастурга асосан 1107 та лойиҳаларга жами  1 трлн 45 млрд. сўм  маблағлар сарфланиши натижада 50 та инвестиция, 151 км. мухандислик комуникация, 60 та ижтимоий соҳа, 42 та шаҳарсозлик, 802 та камбағалликни қисқартириш бўйича  ва 2 та бошқа йўналишлардаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 225 млрд 1 млн. сўм, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 20,2 млрд. сўм, мақсадли жамғарма маблағлари ҳисобидан 38,2 млрд. сўм, тармоқ корхоналари маблағлари ҳисобидан 22,0 млрд. сўм, ташаббускор маблағлари ҳисобидан 173,2 млрд. сўм, банк кредити маблағлари ҳисобидан 310,5 млрд. сўм, хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобидан 15,2 млн. АҚШ доллари, хорижий инвестиция ҳисобидан 10,2 млн. АҚШ доллари маблағлар сарфланиши ва 3013 нафар янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Шунингдек туманда асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсатгичлари 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида бажарилишини тахлил этилганда, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 трлн 27 млрд. сўмни, халқ истеъмол моллари 141,2 млрд. сўмни, қишлоқ хўжалиги 450,0 млрд. сўмни, асосий капиталга инвестициялар 138,4 млрд. сўмни, қурилиш ишлари 50,3 млрд. сўмни, чакана товар айланмаси 198,1 млрд. сўмни, хизматлар ҳажми 179,0 млрд. сўмни ташкил этган.

Йил якунига қадар ушбу кўрсаткичларни ортиғи билан бажаришни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 трлн 535 млрд. сўмга, қишлоқ хўжалиги 1 трлн 132 млрд. сўмга, асосий капиталга инвестициялар 195,0 млрд. сўмга, қурилиш ишлари 50,3 млрд. сўмга, чакана товар айланмаси 198,1 млрд. сўмга, хизматлар ҳажми 332,8 млрд. сўмга бажарилади.

Ҳурматли фуқаролар, азиз ота-оналар!

Жорий йилнинг 10 июль кунидан 1 август кунига қадар мамлакатимизда кучайтирилган карантин эълон қилинди. Афсуски туманимизда ҳам короновирусга чалинганлик ҳолатлари кузатилди. Бу эса ҳар биримиздан янада огоҳ ва ҳушёр бўлишлигимизни, тиббиёт ходимлари томонидан билдирилаётган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишимизни талаб этади. Бу ҳолатда туманимиздаги мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, карантинга олинган фуқароларга барча шароитлар яратилиб, доимий тарзда шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз қатъий назорат олиб борилмоқда.

Ўзингизни ва фарзандларингиз эртасини ўйланг, уларни ҳимоясига отланинг! Курашчанлигингиз ва иродангиз билан бошқаларга ибрат кўрсатинг, сабрли ва қаноатли бўлинг!

Мен барча туман аҳлини белгиланган карантин қонун-қоидаларига қатьий амал қилишлари, айниқса, қарияларимиз, ногирон ва ҳаста ҳол кишилар, ёшларни доимий уйда бўлишлари, асоссиз равишда уйдан кўчага чиқмасликлари, таътилда бўлган азиз фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг шахсий гигиена қоидаларига қаътий амал қилишга чақираман. Коронавирус балосидан эҳтиёт бўлиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини утунмайлик!

Туманимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун шахсан ўзим бошчилигимда, барча чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматлари, солиқ инспекцияси, прокуратура, Ички ишлар бўлими, кенг жамоатчилик ва фаоллар оёққа туришган, туманимиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, саломатликларини ҳимоя қилиш, аҳолининг озиқ-овқатдан узилишига йўл қўймаслик, қийин маиший турмуш шароитлари бўйича бутун чоралар кўрилмоқда. Ушбу мураккаб жараёнлар алоҳида назорат остида эканлигини маълум қиламан. Шу билан бирга халқимизни туманда озиқ-овқат захиралари етарли даражада мавжудлиги ва ушбу масалада бирон бир муаммо келиб чиқишига йўл қўйилмайди деб сизларни ишонтираман! Ортиқча ҳавотирга берилманг ва ташвишга тушиб, руҳингизни чўктирманг!

Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз, соғлигингиз учун шахсан Президентимиз, хукуматимиз ҳамда вилоятимиз раҳбарлари алоҳида ғамхўрликлар кўрсатмоқда. Шу билан бирга мен туманда ушбу кўрилган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини таъкидлаш билан яна сизларни бир бор амалдаги қонун-қоидаларга, тартибларга қатъий бўйсинишга чақираман!

Дарҳақиқат, кўрилаётган мазкур зарурий ва тезкор чораларнинг барчаси ўзимизнинг соғлигимиз хавфсизлиги учун эканлигини хеч биримиз унутмаслигимиз лозим. Шундай экан азиз тумандошлар, ушбу синовли дамларда тартиб-интизомни сақлаган холда ҳаракат қилайлик. Зеро, дунёда бебаҳо саналган саломатлигимизни асраб-авайлаш ўз қўлимизда.

Сабрли ва қаноатли бўлайлик!

Эътиборларингиз учун раҳмат!