Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Табрик
2020-07-30 20:30:44 243
Қадрли юртдошлар,
Азиз тошлоқликлар!
Сиз азизларни, оғир ва синовли кунларни елкама-елка туриб, ҳамжиҳатликда енгиб ўтувчи, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Қурбон ҳайити билан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.
Қурбон ҳайити меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик туйғуларини ўзида мужассам этганлиги билан барчамиз учун энг қадрли айёмдир.
Улуғ айём арафасида хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш бизнинг бош мақсадимиздир.
Тошлоқ туманида ҳам ушбу хайрли ишларнинг амалдаги намунаси сифатида Қурбон ҳайити муносабати билан ҳукуматнинг тегишли фармойишига асосан “Саховат ва кўмак” фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож 3000 дан ортиқ оилаларга моддий кўмак кўрсатилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан туманимиздаги эҳтиёжманд аҳолига 604 млн. сўм моддий ёрдам маблағлари йўқлов сифатида етказилиб, ҳар бир хонадонга ташриф буюрилди.
Бугун бутун Тошлоқ туманида Қурбон ҳайити муносабати билан ташкил этилган хайрли тадбирлар доирасида кексалар ва меҳрга муҳтож инсонларнинг дуолари олинди, байрам совғалари улашилиб, уларнинг оила аъзолари билан дилдан суҳбатлар қурилди.
Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан кўрилаётган барча чора-тадбирлар, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади.
Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради.
Азиз тошлоқликлар!
Биз орзу-ниятлари пок ва улуғ халқмиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг: “Муроди кўпнинг Ҳаққа итоати ҳам кўп бўлади”, деган сўзларида теран маъно мужассам.
Олийжаноб халқимиз юртимиз бошига тушган оғир кунларда тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак намунасини кўрсатди. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда қадимий қадриятларимизнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.
Бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз.
Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтган олижаноб халқимиз бу синовлардан янада кучли ва қудратли бўлиб чиқади.
Сиз, азиз ва муҳтарам юртдошларимизни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган шукуҳли хайит байрами билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.
Нияти пок, мақсадлари эзгулик бўлган олийжаноб халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!
Қурбон ҳайит барчамизга муборак бўлсин!