Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини 2022 йилда амалга ошириш юзасидан Тошлоқ тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоевнинг туман аҳолисига мурожаати
2022-02-12 11:10:07 263
Азиз тошлоқликлар!
Ҳаммамизга яхши маълумки, юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу мақсадда Президентимиз томонидан жорий йил 2 февралда ўтказилган видеоселектор йиғилиши ва унда бу борада муҳим вазифаларнинг қўйилгани, 1 мартдан Давлатимиз раҳбари томонидан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирининг эълон қилингани фикримизнинг исботидир.
2022 йилдаги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида жамоатчиликка юзланган Давлатимиз раҳбари ҳовли-жойини пок сақлашни, тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган халқимизда оилада фарзанд дунёга келганда унга атаб ниҳол экишни азалий қадрият деб билганини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам азалдан ота-боболаримиз ёшларни уй-жойини тоза сақлашга, қиш тугаши айни баҳор бошланиши билан дарахт кўчатлари экиш лозимлиги ҳақида панд-насиҳатлар қилиб келганлар. Нафақат панд-насиҳат балки, ўзлари намуна бўлиб бу ишнинг бошида турганлар. Балки шундандир, ушбу эзгу мақсадга йўналтирилган тарбия остида катта бўлган бугунги авлод мана шундай қадриятларимизни улуғлайди. Айни дамда эса бу каби эзгу қадрият ва анъаналарни ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдириш жуда муҳим.
Ҳурматли дўстлар!
Авлодларимиз келгусида муносиб табиий муҳитда, тоза экологик шароитда яшашлари керак. Бунинг учун зарур чора-тадбирларни белгилаган ҳолда тизимли ишларни олиб борамиз, албатта. Лекин аввало бунинг учун аҳолида, хусусан ёш авлодда экологик маданиятни ошириш лозим. Бунга нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликни ўзи ўрнак бўлган ҳолда ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини фақат тарбиялаш орқали шакллантиришга эришиш мумкин. Шу ўринда бар нарсани таъкидлаш жоизки бу каби ишлар давомли бўлиши мақсадга мувофиқ. Зеро, Президентимиз ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмаслигини алоҳида таъкидлади. Бу умуммиллий ҳаракатда фаол қатнашишимиз керак.
Албатта, биз бугун ушбу ташаббусни Тошлоқ туманида ҳар бир маҳаллада, ҳар бир хонадонда, ҳар бир ташкилотда кенг қулоч ёйиши учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Бугунга қадар туманимизда кўчат экишни ташкил қилиш учун туман ҳокимининг фармойиши қабул қилиниб, ҳудудий штаблар ташкил этилди, малакали мутахассислар жалб қилинди ҳамда 2021 йил кузида 226,0 минг туп ва жорий йил баҳор мавсумида эса 230,0 минг кўчат экиш белгилаб олинган. Жорий йилнинг 2 февраль санасида Муҳтарам Президентимиз томонидан “Чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устивор вазифалар” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириқларига асосан туманимизда қуйидаги ишларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Жумладан, 2022 йилнинг баҳор мавсумида туман ҳудудида жами 230 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Бугунги кунда, туман иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танлаб олинган ҳамда уларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналар ташкил қилиш режалаштирилган. Ушбу ишлар доирасида тумандаги бозорлар, маҳаллалар ва аҳоли гавжум масканларда кўчат ярмаркалари ташкил этилади ҳамда аҳолига кўчатларни танлаш, экиш ва парвариш қилиш ўргатилади. 2022 йил 1 мартдан туман бўйича “Яшил ҳафталик” умуммиллий тадбири бошланиб, дарахтларни парваришлаш, суғориш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Туманни тўлиқ қамраб оладиган “мобил эко патруллар” фаолияти йўлга қўйилади.
Қадрли тошлоқликлар!
Тўрт фаслда ҳам кўзни қувнатадиган, ҳавони кислород билан бойитадиган, манзарали ва мевали кўчатларни кўпайтирайлик! Мазкур хайрли ишларда нуроний отахон-у онахонлар ҳам бош-қош бўлишиб, ёшларни бунёдкорлик тадбирларида фаол бўлишга чорлашлари лозим. Уюшқоқлик ва юқори савияда ташкил этилган ҳар бир иш албатта кун келиб ўз натижасини бериши аниқ. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни обод қилиш ва уни келгуси авлод учун ҳам асраб авайлаш, барчамиз учун бирдек эзгу ишдир.
Шундай экан, мен барчангизни ҳаётимизда муҳим роль ўйнайдиган, шундай фойдали бўлган неъмат–дарахт ўтқазишга ва яшил оламни асраб-авайлашга чақираман.